Япония депутатлари Тайванга келди
Улар орол раҳбарияти билан музокаралар олиб боради.

Япония парламенти делегацияси уч кунлик ташриф билан Тайванга келди. Бу ҳақда Тайвань халқаро радиоси хабар берди.
Унинг таркибига ҳукмрон Либерал-демократик партиянинг икки депутатлари — Кейдзи Фуруя ва Минору Кихаралар кирган. Улар Токио ва Тайбей ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш бўйича парламент гуруҳига раҳбарлик қилади.
Ташриф давомида делегация Тайвань раҳбари Цай Инвень, унинг ўринбосари Уильям Лай, бош вазир Су Чженьчан, ТИВ раҳбари Жозеф У, парламент спикери Ю Сикунлар билан учрашади.
Тайванга хорижий сиёсатчилар ташрифи Пекин томонидан норозилик билан қабул қилинади. Хитой оролни ХХРнинг ажралмас қисми сифатида кўради ва Тайбэйнинг бошқа давлатлар билан ҳар қандай расмий алоқаларига қаршилик қилиб келади.
Аввалроқ Тайванга АҚШнинг Индиана штати губернатори келгани тўғрисида хабар берилганди.







