Ўзбекистон

Тиббиёт олийгоҳлари учун супер-контракт керакми?

Инсон ҳаёти билан боғлиқ соҳада пул тўлаб ўқиётган ёшлар шифокор сифатида фаолият юритиши қанчалик тўғри? Тестда 1 балл ҳам тўплай олмаган «талабаларга» соғлигимизни ишонса бўладими?

Тиббиёт олийгоҳлари учун супер-контракт керакми?

 

Яқинда вилоятдаги марказий шифохоналардан бирида 3 кун даволандим. Бош шифокор ёзиб берган рецепт бўйича ҳамширалар ҳар куни 3 маҳал муолажа қилишди.  Палатада мендан олдин шифохонага ётқизилган яна 2 нафар бемор бор эди. Суҳбат чоғида улардан бири ҳамширадан норози оҳангда гап бошлаб қолди.

 

— Бу ерда битта амалиётчи қиз бор, укол қилишни билмайди, томирларимни ўғритиб юборади. Ҳамширалар ҳам осонгина ўз вазифаларини унга юклаб қўя қолишади…

 

Бу гапни ёши каттароқ ва тўлачадан келган бемор айтганди. Аввалига амалиётчи қиз ҳали тажрибаси кўп эмас, балки, шунга укол қилишга қийналгандир деб ўйладим.

 

Эртаси куни худди ўша қиз менга муолажа қилди. Бир вақтнинг ўзида 3 та осма укол томирдан юборилиши керак эди. “Бўлажак шифокор” шоша-пиша шприц санчдию, чиқиб кетди. Шиша идишдаги дори жуда тезликда юборилгани учун озгина бош айланди. Ёнимдаги шеригим эътироз билдиргач, вазиятни яхшилашди.

 

Кейинроқ қизнинг ўзи тиббиёт институтига гипер-контракт асосида ўқишга қабул қилинганини, ДТМ имтиҳонларида эса умуман қатнашмаганини айтиб қолди. Ота-онаси шу йўналишда фаолият юритгани учун қизларини ҳам шифокор қилмоқчи бўлишган. 

Бу ҳолатни денгиздан томчи дейиш мумкин. Чунки республикада бир эмас, бир нечта тиббиёт олийгоҳлари бор. Уларда эса супер-контракт асосида ўқиётган талабалар талайгина. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: инсон ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлган тиббиёт йўналиши учун супер-контракт тизими нима учун керак?

 

Йиллар давомида ўқишга тайёрланган, талабаликка тавсия этилиш учун бир неча баллгина етишмаган абитуриентнику, тушуниш мумкин. Унда соҳага нисбатан қизиқиш, ҳаракат ва билим бор. Бу каби талабаларни супер-контракт асосида ўқишини давом эттиришларига ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Аммо тестда 10 балл ҳам тўплай олмаган ёки шунчаки таваккалига имтиҳонга кириб-чиққан абитуриетларнинг юз миллионлаб гипер-контракт тўлаб, тиббиёт йўналишида таҳсил олиши мантиқсиздек гўё. Чунки улар эртага маълум маънода беморларнинг тақдирни ҳал қилувчи касб эгалари ҳисобланишади.

 

Маълумот учун: 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги давлат ОТМларида супер-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тизими йўлга қўйилган. Унга кўра, максимал баллнинг 30 фоизидан баланд балл олиб ўқишга кира олмаган абитуриент қиммат контракт тўлай олса, бемалол талаба бўлиши мумкин эди.

 

Кейинроқ “супер-мупер контракт” (гипер-контракт) очилди. Бунда 30 фоиз баллни ололмаганларга ҳам имкон берилади. Яъни кимдир тестда атиги 5 ёки 10 балл тўпласа ҳам, супер-контракт нархини икки баравар тўласа, талаба бўла олади.

 

2021 йил октябрь ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов супер-контракт ҳақида фикр билдириб, бу тизим ўқишга кириш жараёнида юз бераётган коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида жорий қилинганига ишора қилди.

 

“Балки кимнингдир наздида бу тўғри йўл эмасдир. Лекин бир ҳовуч пул кўтариб юрган одам фарзандини ўқишга олиб кириш учун барибир [қинғир] йўлини қилади. Кейинги йиллардан супер-контракт қолган тарзда биз гипер-контрактдан воз кечармиз”, — деган эди у.

 

Жорий йил 9 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида вазирга тиббиёт йўналишида супер-контракт асосида талабаларни ўқитиш хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида савол берилди.

 

“Тиббиёт академиясида, тиббий олий таълим муассасаларида ўқиш кундан кунга қийинлашиб боряпти. Талаблар ортяпти. Хорижий таълим дастурларидан фойдаланиляпти. Паст билимдаги бола супер-контрактни тўлаши мумкин, лекин битиролмайди.

 

Шунинг учун мен бугун ота-оналарга мурожаат қилдимки, болангиз эртага ўқиб кета олишига ишонсангиз, супер-контракт тўланг. Кредит модулда аввалгидай телефон қилиб, таниш-билиш қилиб болангизни курсдан курсга ўткизолмайсиз.

 

Бу жараёнларга бизга бир йил муддат беринглар. Натижалар бўлади. Эшитасиз ҳали, неча фоиз талаба битиролмади, шундан неча фоизи супер-контракт”, – дея жавоб берди Тошқулов.

 

Бундан аввалроқ эса Тошкент кимё-технология институтида супер-контрактдан воз кечилиши айтилди. Бу ҳақда институт ректори Ботир Усмонов 2022 йил 11 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

 

“Биз кейинги йилдан бошлаб супер-контрактга талаба қабул қилишдан воз кечишга ҳаракат қиламиз. Чунки биз таълим сифатига асосланган «бренд» яратишни мақсад қилганмиз. Шу боис фақат иқтидорли ва ишлаб чиқарувчиларга маъқул келадиган номзодларни талабаликка қабул қиламиз”, — дея таъкидлаган ректор.

 

Бу масалада талабалар ҳам турлича фикрда: кимдир супер-контракт тизимини ёқласа, кимдир унга қарши.

 

“Шифокор бўлиш осонмас. Агар қизиқиши ва нияти бўлмаса, ундан тиббиёт ходими чиқиши қийин. 2 та супер-контрактда ўқийдиган курсдошим бор: бири яхши ўқийди, иккинчиси эса аксинча. Яна бир талаба бор эди, фалон пул тўлаб ўқишга кирган. Ҳозир курсдан курсга қолиб, қайта ўқияпти”, — дейди Тошкент тиббиёт академияси талабаларидан бири.

 

Яна бир муҳим жиҳат: ОТМларга талабаларни қабул қилишда давлат гранти ҳамда оддий контракт бўйича квоталар сони мавжуд. Яъни бу бўйича маълум чегара бор, лекин супер-контрактда бундай лимит белгиланмаган. Маълум бир йўналишда 100 та талаба учун ўрин ажратилган бўлса, кўпроқ пул тўланса, яна 100 та ёки ундан ҳам кўпроқ талаба ўқишга қабул қилинаверади. Бу, албатта, олийгоҳларда жой муаммосини келтириб чиқариши ва таълим сифатини тушириб юбориши мумкин.

 

Муаллиф: Жавоҳирбек ТУРСУНОВ

 

custom img

“Одамлар ҳафталаб сарсон бўлмоқда”: Сенатор банкоматлар билан боғлиқ муаммога тўхталди

2025 йилда Ўзбекистон бўйлаб банкоматлардан пул ечиш жараёнида 290 минг ҳолатда турли носозликлар қайд этилган.

custom img

Фарғонада бир гуруҳ аёллар норозилик билдириб, автомобиль йўлини тўсиб қўйди

Улар бозордаги жойлари олиб қўйилганидан норози савдогарлар бўлган.

custom img

Ўзбекистонда жарима баллари 12 баллдан ошган ҳайдовчилар сони 107 нафарга етди

Эндиликда улар ҳайдовчилик ҳуқуқидан суд тартибида маҳрум этилади. Қайта имтиҳон эса 50 та саволдан иборат бўлади.

custom img

Радарларни ўрнатиш ваколати фақатгина Ички ишлар вазирлигида бўлиши керак — Алишер Қодиров

Алишер Қодиров радарлардан мақсад пул ундириш эмас, йўлда тартибни сақлаш бўлиши кераклигини айтди.

custom img

Айрим педагогларга самолёт ва поезд чипталари учун чегирма берилиши мумкин

Бундай чегирмалар Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар учун амал қилади.

custom img

Канн кинофестивалидаги тарихий қадам: Ўзбекистон Global Country Placement дастурини эълон қилди

Netflix, Amazon Prime каби кино компаниялар Ўзбекистонда фильм суратга олади.

custom img

Канн кинофестивалидаги тарихий қадам: Ўзбекистон Global Country Placement дастурини эълон қилди

Netflix, Amazon Prime каби кино компаниялар Ўзбекистонда фильм суратга олади.

custom img

Ўзбекистонлик тадбиркорнинг Озарбайжонда 80 минг долларни ундириш масаласи ТИВ томонидан кўриб чиқилмоқда

Тадбиркор суд қарорига қарамай, ҳамкор компаниядан маблағни икки йилдан бери ундира олмаётгани билдирган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"