Жаҳон

Исроил Украинага қурол етказиб бериши мумкин. Тель-Авивнинг позицияси нима учун бирдан ўзгарди?

Украина можароси бошлангандан буён Исроил Киевга ҳарбий ёрдам бермай келаётганди. Аммо ўтган ҳафтада бош вазир Биньямин Нетаньяху қуроллар етказиб беришни истисно этмади. Улар орасида ҳатто “Темир гумбаз” тизимлари ҳам бўлиши мумкин.

Исроил Украинага қурол етказиб бериши мумкин. Тель-Авивнинг позицияси нима учун бирдан ўзгарди?

 

Шу пайтга қадар Ғарб ва Киевнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича сўровларини инкор қилиб келган Исроил қурол етказиб бериш бўйича позициясини қайта кўриб чиқиши мумкин. Walla нашрининг Исроил олий амалдорларига таяниб берган маълумотларига кўра, бош вазир Биньямин Нетаньяху (Биби номи билан ҳам машҳур) ҳукуматга қурол бериш имкониятини ўрганишни топширган.

 

Бундан аввалроқ жаноб Нетаньяху Украинага ҳарбий ёрдамни истисно этмаганди, жумладан, “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ҳам берилиши мумкин. кейинги ҳафтада Исроилнинг янги ташқи ишлар вазири Эли Коэннинг Киевга ташрифи кутилмоқда. Бу кенг қамровли Россия босқинидан кейин исроиллик олий мартабали амалдор томонидан Украинага амалга ошириладиган биринчи ташриф.

 

Хўш, Тель-Авив позицияси ўзгариши нима билан боғлиқ ва қуроллар ҳақиқатдан ҳам етказиб бериладими?

 

Нетаньяхунинг бурилиши

Исроил бундан аввал ҳам Россия билан кескинликка бормаслик учун Украинага қурол беришни инкор этиб келаётганди.

 

“Мен аниқ айтишим мумкинки, биз Украинага қурол сотмаяпмиз”, – деганди 2022 йил октябрида мамлакатнинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Бени Ганц.

 

Аввалроқ бригада генерали Яков Нагель Исроил Украинага «Темир гумбаз» тизимларини бермаслигини маълум қилганди. У буни Россия томонининг ушбу қуролни эгаллаб олиши ва ўрганиши билан боғлиқ хавфлар борлигини айтганди. Ўша пайтда мухолифат раҳбари бўлган Нетаньяху ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиққанди. Сиёсатчи ўшанда Киевга берилган исталган қурол Эрон қўлига ўтиши мумкинлигини иддао қилган эди.

 

«Қурол масаласида шу пайтгача бўлиб келган ҳолат такрорланиши, биз берган қуроллар Эрон қўлига тушиши эҳтимоли мавжуд ва бу кейинчалик ўзимизга қарши ишлатилиши мумкин. Эроннинг Гўлан тепалигида иккинчи Ливан фронтини очишга халал бераётган пайтимизда, Исроил қуролларига дуч келмоқдамиз», – деб қайд этганди у.

 

Jerusalem Post нашрига кўра, Тель-Авив Москва билан Суриядаги низони бартараф этиш бўйича келишувни бузишни истамаган ва шу сабабли ҳам украиналикларга қурол бермаган. Аммо исроилликларнинг бу позицияси Украина ва шахсан Владимир Зеленскийнинг кескин танқидларига сабаб бўлди.

 

Ўтган баҳорда Зеленский Кнессет (Исроил парламенти — таҳририят изоҳи)даги чиқишида Исроилни бефарқликда айблаб,  қурол, хусусан, “Темир Гумбаз” етказиб беришни талаб қилганди. Шунингдек, у Россияга қарши санкциялар киритишни ҳам сўраган. Танқидлар кейинчалик ҳам давом этди.

 

“Исроилга нима бўлганини тушунмаяпман, шок ҳолатидаман. Улар нима учун бизга ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини бермаганини тушунмайман. Исроил бизга ҳеч нарса етказиб бермади, ноль”, – деганди Украина етакчиси TV5Monde телеканалига берган интервьюсида.

 

Бундан ташқари, Киев Тель-Авивни дўстона бўлмаган ҳаракатларда ҳам айблади. Бунга қочқинлар оқимидан сақланиш учун Исроилнинг Украина фуқароларига нисбатан визасиз режимни бекор қилгани сабаб бўлди.

 

2022 йил охирида Нетаньяху сайловларда ғалаба қозониб, ҳокимиятга қайтганда ундан аввалги позицияларни сақланишини кутишганди. Бунда айниқса, Бибининг Россия ва шахсан Владимир Путин билан қалин алоқалари ҳисобга олинганди. Яқингача барчаси Исроилнинг қурол бўйича сўровларга инкор жавобига ишора қилиб келаётганди.

 

Эли Коэн (ТИВ раҳбари) ҳукумат «Россия-Украина масаласида» камроқ гапириш ниятида эканини маълум қилди. Шунингдек, у биринчи бўлиб украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулебага эмас, балки РФ дипломатияси раҳбари Сергей Лавровга қўнғироқ қилди. Нетаньяхунинг Зеленский билан мулоқотини эса Ғарб нашрлари “муваффақиятсиз” дея баҳолади.

 

Лавров ва Коэннинг мулоқоти Исроилнинг энг яқин ҳамкори АҚШга мақбул келмади. Вашингтоннинг танқидлари янги вазирга оғир зарба бўлгани тахмин қилинди. Шундан кейин ТИВ раҳбарининг Киевга сафари ҳақида хабар берилди.

 

Аммо бундан олдин январь охирида Исроилга Қўшма Штатлар давлат котиби Энтони Блинкен келди. Айнан унинг Нетаньяху билан учрашувидан кейин Украинага қурол етказиб бериш имкониятлари ҳақида илк баёнотлар берилди. Бош вазир “Темир гумбаз” ҳам етказилиши мумкинлигини айтди. Лекин бунга қадар у бир неча бор армияда ортиқча батареялар йўқлигини таъкидлаб келаётганди.

 

Позиция нима учун ўзгарди?

Исроиллик қатор амалдорларга кўра, бу ерда асосий фактор АҚШнинг кучайган босими ҳисобланади. Бундан ташқари, Эрон атрофида кескинлик кучайиши ҳамда Вашингтон ва Тель-Авивнинг бу бўйича позицияси қатъийлашуви ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

 

«Исроил расмийлари, айниқса Биби даставвал Украинага қурол беришни исташмаган эди. Аммо ҳозирда Америка босими ҳаддан ташқари кучайди — катта эҳтимол билан Киевга қурол етказиб бериш тобора долзарблашиб бормоқда. Исроил АҚШга узоқ вақт «йўқ» дея оладиган давлатлардан эмас, айниқса, америкаликлар илтимоси қатъий бўлса», – деган манбалардан бири.

 

Унинг қўшимча қилишича, Исроил ҳарбий саноат комплекси АҚШ билан ҳамкорликка ўта боғлиқ. Эрон факторини ҳам ҳисобга олиш керак. Унинг атрофида вазият тобора кескин бўлиб бормоқда. Вашингтон ядро музокараларига қайтиш ҳақида гапирмаяпти ва Теҳронга нисбатан тобора қаттиқроқ позицияни эгаллаб бормоқда. Табиийки, Исроил бундай муносабатни қўллаб-қувватлайди.

 

«Бу Нетаньяхуни қурол етказиб бериш бўйича фикрини ўзгартирган омиллардан бири. Аммо ҳукумат турли баҳоналар билан буни амалга оширишни ортга суришини инкор этиб бўлмайди. Исроил Россия билан муносабатларни тўлиқ узмоқчи эмас, у Москванинг Теҳрон билан ҳарбий-техник ҳамкорлиги кучайишидан манфаатдор эмас», – деб қайд этган манба.

 

Сиёсатшунос Константин Бондаренко «Страна» нашри билан суҳбатда позиция ўзгариши «муаллифлари» сифатида икки шахсни кўрсатган: Нетаньяху ва Блинкен. У янги ташаббуслар АҚШ давлат котибининг ташрифи ва Эрон объектларига зарбалар вақтига тўғри келгани тасодифий эмаслигига эътибор қаратган.

 

«Ғарб ва Шарқнинг бир йил аввал бошланган ва Украинада энг юқори нуқтага чиққан глобал қарама-қаршилиги аста-секин Яқин Шарқ ва Марказий Осиёга кўчаётган бўлиши мумкин. Исроил Ғарб коалициясига кирди ва энди унинг қоидаларига асосан ҳаракат қилади. Биринчи қадамлар Эронга берилган зарба ва Украинага қурол беришга розиликда кўринди. Воқеалар ривожи Яқин Шарқдаги вазият, жумладан, Туркиядаги президентлик сайлови натижаларига боғлиқ», — деб қайд этган эксперт.

 

Шу билан бирга Эрон факторининг бошқа томони ҳам бор ва бу Украинага очиқ ҳарбий ёрдамни тийиб туриши мумкин. Исроилнинг миллий хавфсизлик институти таҳлилчиси Цви Маген Тель-Авив Россия билан низога боришдан манфаатдор эмаслигини айтган.

 

«НАТО давлатларидан фарқли равишда Россиянинг Исроил чегараси, Сурияда иштироки бор. Бу Украинага қурол етказиб бериш максимал даражада чўзилишини англатади. Исроил ва Россия бир-бирининг душманларига қурол сотмасликка келишиб олган. Хусусан, Москва Тель-Авивнинг асосий душмани — Эронга қурол тақдим этмасликка ваъда берган», – деб таъкидлаган у.

 

Шунингдек, экспертлар исроилликлар эҳтимолий ҳарбий ёрдам орқали Москвага шаъма қилаётганини айтишмоқда. Сиёсатшунос Руслан Бортникнинг сўзларига кўра, бу орқали Эронга Россия ҳарбий экспортининг амалга оширилиши Исроил томонидан салбий қабул қилинишига ишора қилинган. Унинг фикрича, дронлар эвазига Москва Теҳронга ҳаво ҳужумига қарши замонавий тизимлар, авиация, шунингдек, ядро технологияларини бериши мумкин. Эрон Исроилнинг Яқин Шарқдаги асосий рақиби эканлиги инобатга олинса, Киевга ёрдам воситасида Тель-Авив Кремль учун «қизил чизиқ»ни кўрсатмоқда.  Шу билан бирга Нетаньяху шошилмаслигини ва эскалация томон биринчи қадам ташламаслигини намойиш этяпти.

Мактаб олдида пичоқли ҳужум: 8 нафар ўқувчи жароҳатланди

Мактаб олдида пичоқли ҳужум: 8 нафар ўқувчи жароҳатланди

15 ёшли қиз мактабга кираётган ўқувчиларга пичоқ билан ҳужум қилган.

Сибирда ўлат аниқланмади: карантиндагиларнинг 60 фоизи чиқарилди

Сибирда ўлат аниқланмади: карантиндагиларнинг 60 фоизи чиқарилди

Россиянинг Иркутск вилоятида ўлат бўйича тадқиқот институти ходими вафот этганидан кейин у билан алоқада бўлганлар текширилди.

Нигерияда ҳарбий самолёт ботқоққа қулади: 25 киши ҳалок бўлди

Нигерияда ҳарбий самолёт ботқоққа қулади: 25 киши ҳалок бўлди

Мамлакатда 3 кунлик миллий мотам эълон қилинди.

ЕИ 2027 йил охиригача Россия газидан тўлиқ воз кечади — Фон дер Ляйен

ЕИ 2027 йил охиригача Россия газидан тўлиқ воз кечади — Фон дер Ляйен

Россия газининг ЕИ импортидаги улуши аллақачон 45 фоиздан 12 фоизгача қисқарган.

Энди навбат АҚШга: Нью-Йоркда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Энди навбат АҚШга: Нью-Йоркда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Штатда йил бошидан буён қизамиқнинг 108 та ҳолати қайд этилган.

Макка келишуви амалда: Туркия ва Покистон қўшинларини Саудия Арабистонига тезкор жойлаштириш чораларини кўради

Макка келишуви амалда: Туркия ва Покистон қўшинларини Саудия Арабистонига тезкор жойлаштириш чораларини кўради

Макка ва Мадинага қилинган ҳужумларга уринишлар ҳамда Саудия Арабистонидаги фуқаролик ва иқтисодий объектларга таҳдидлар қораланди.

Эл-Ниньо 347 млн болага таҳдид солмоқда: UNICEF хавфдан огоҳлантирди

Эл-Ниньо 347 млн болага таҳдид солмоқда: UNICEF хавфдан огоҳлантирди

Эл-Ниньо кучли тошқинлар, қурғоқчилик, сув ва озиқ-овқат танқислиги ҳамда касалликлар хавфини ошириши мумкин.

“Бу жуда кичик нарх”: Трамп Эрон билан урушда АҚШ шаҳарлари вайрон бўлиши мумкинлигини айтди

“Бу жуда кичик нарх”: Трамп Эрон билан урушда АҚШ шаҳарлари вайрон бўлиши мумкинлигини айтди

Эрон билан можарода Лос-Анжелес ва Сан-Диегога зарар етиши мумкин.

Исроил Украинага қурол етказиб бериши мумкин. Тель-Авивнинг позицияси нима учун бирдан ўзгарди? | Zamon.uz