Шимолий Корея Сеул ва Вашингтон ҳарбий машғулотларига кескин жавоб бермоқчи
КХДР ташқи ишлар вазирлиги вакили АҚШ ва Жанубий Кореяни минтақадаги тинчликни бузишда айблаган.

КХДР АҚШ ва Жанубий Корея қўшма ҳарбий машғулотларига “кескин” жавоб қайтаришга ваъда берди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.
“Агар АҚШ ва Жанубий Корея ўз баёнотларида айтганидек, ҳарбий машғулотлар лойиҳасини амалга оширса..., улар шу пайтга қадар содир бўлмаган, давомли ва қатъий жавобни кўришади”, – деган Шимолий Корея ТИВнинг номи сир қолишни истаган амалдори.
Дипломат Вашингтон ва Сеулни “Корея яримороли ва минтақадаги тинчлик ва барқарорликни атайин бузаётган” кучлар деб атаган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашини КХДРга қарши душманлик сиёсатини “амалга оширувчи ноқонуний аппарат”га айлантирган.
Кейинги ҳафтада Америка ва Жанубий Корея кучлари ядро кучлари ҳаракатини такомиллаштиришга қаратилган штаб машғулотларини ўтказишни режалаштирган. Шунингдек, март ойида икки давлат Freedom Shield машқларини ўтказади.







