Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Германиянинг етакчи компания раҳбарлари билан учрашди

“Ҳар бир германиялик тадбиркор мамлакатимизда ўзини эркин ва дадил ҳис этиши учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз”, — деди Президент улар билан мулоқотда.

Шавкат Мирзиёев Германиянинг етакчи компания раҳбарлари билан учрашди

 

Бугун, 3 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Германияга ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

 

Германия томонидан тадбирда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Германия энергетика агентлиги, “CLAAS”, “Knauf”, “Siemens Energy”, “Lasselsberger”, “Aurubis”, “Linde Group”, “Gunter Papenburg”, “Falk-Porsche-Technik”, “Mangold Consulting”, “DB Engineering”, “Landesbank”, “Commerzbank”, “KfW Bank”, “Deutsche Bank” каби ўттизга яқин энг йирик компания ва банклар раҳбарлари қатнашди.

 

Бундай форматдаги мулоқот илк бор 2019 йил январида, давлат раҳбарининг ГФРга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтганди. Натижада Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш бўйича бир қатор юқори технологик лойиҳалар ишга туширилди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик сезиларли равишда фаоллашди.

 

Ўзбекистон Президенти учрашувни очар экан, Германия билан муносабатларда юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат қарор топганини алоҳида қайд этди. Мамлакатда германиялик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 5 миллиард евродан зиёд 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.

 

Охирги йилларнинг ўзида Германия инвестициялари ҳажми 4 миллиард еврони ташкил қилди, қўшма корхоналар сони икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда “CLAAS”, “Knauf”, “Gunter Papenburg”, “Linde Group” ва “Falk-Porsche-Technik” каби Германия иқтисодиётининг “локомотивлари” муваффақиятли иш олиб бормоқда.

 

Ўзбекистон томонидан Бош вазир раислигидаги Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳамкорликни мунтазам мувофиқлаштириб боришнинг муҳим механизмига айланди.

 

Президент ушбу ташриф давомида эришилган муҳим келишувлар ва истиқболга мўлжалланган режаларни амалга оширишда асосий ролни айнан ишбилармон доиралар ўйнаши мумкин ва лозимлигини қайд этди.

 

Хусусан, куни кеча ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес форуми доирасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва технологик шерикликни кенгайтириш бўйича 9 миллиард евролик янги савдо, молия ва инвестиция битимлари имзоланди.

 

“Яшил” энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кимё, тоғ-кон, автомобиль, тўқимачилик, электротехника саноати ва бошқа йўналишлардаги катта лойиҳалар шулар жумласидан.

 

Банк-молия соҳасида, шу жумладан Германиянинг “Deutsche Bank”, “Commerzbank”, “KfW” ва “Landesbank” каби энг йирик банклари билан лойиҳаларни молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

 

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётидаги кенг кўламли ва жиддий тебранишлар шароитида Германия бизнеси учун самарали ва ишончли макон бўлишга тайёрлигини таъкидлади.

 

Шу мақсадда инвесторлар учун зарур шароитлар ва ноёб имкониятлар, қулай фискал тизим яратилган – солиқлар сони камайтирилди, ҚҚС ставкалари пасайтирилди, бир қатор божхона божлари бекор қилинди. Маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди.

 

Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясига мувофиқ, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари кучайтирилди, давлат ҳалол рақобат ва суд тизими мустақиллиги учун шароит яратишига оид қоидалар аниқ мустаҳкамлаб қўйилди.

 

Эндиликда инвесторларнинг ҳуқуқлари таъминланиши ва уларнинг судда ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланиши алоҳида қайд этилди. Бундан буён тадбиркорлар эмас, давлат идоралари ўз қарорларининг қонунийлигини исботлашга мажбур. Шунингдек, юзага келадиган ҳар қандай ноаниқликлар инвесторлар фойдасига ҳал этилади.

 

“Хорижий инвестор Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда, барқарорлик, ишончлилик ва келажак учун хотиржамликни кўз олдига келтириши лозим. Ҳар бир германиялик тадбиркор мамлакатимизда ўзини эркин ва дадил ҳис этиши учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Германиянинг илғор ишланмалари ва инновацион технологияларни Ўзбекистоннинг ресурслари ва инсон салоҳияти билан бирлаштирсак, катта натижаларга эриша оламиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.

 

Тадбиркорлар билан мулоқот Германия бизнес ҳамжамиятининг ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканини яна бир бор намойиш этди.

 

Фикр алмашиш чоғида ГФР ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини юксак баҳолаб, бу мамлакатда инвестициявий фаолият юритиш бўйича Германия бизнесининг энг дадил ва узоқ муддатли режаларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини таъкидладилар.

 

Учрашувда Германия компаниялари раҳбарлари аниқ таклифларини айтди. Устувор соҳаларда юқори технологик ва инновацион ечимларни жорий қилган ҳолда амалий ҳамкорликни давом эттириш ва кооперацияни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев Германия бизнеси вакилларига долзарб ташаббуслари учун самимий миннатдорлик билдириб, мулоқот мазмунли бўлганини мамнуният билан қайд этди ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш, умуман, ташриф доирасида эришилган келишувларни амалга оширишни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни тасдиқлашга топшириқ берди.

 

Зироат Мирзиёева “Ноль чиқинди” Глобал альянсини ташкил этишга бағишланган учрашувда иштирок этди

Зироат Мирзиёева “Ноль чиқинди” Глобал альянсини ташкил этишга бағишланган учрашувда иштирок этди

Ўзбекистон Биринчи хоними альянс доирасида экологик таълимни ривожлантириш ва ёшларнинг экологик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ташаббусларини илгари сурди.

Зироат Мирзиёева COP31 доирасида Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрди

Зироат Мирзиёева COP31 доирасида Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрди

Павильонда “Замин” фондининг “Eco-Schools Uzbekistan” лойиҳаси доирасида узлуксиз экологик таълим тизими тақдим этилди.

Шавкат Мирзиёев Финляндия президенти билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Финляндия президенти билан учрашди

Учрашувда томонлар ўртасидаги металлургия, энергетика, геология, экология ҳамда сув ресурслари соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг янги бош котибини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг янги бош котибини қабул қилди

Томонлар 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган ТДТ саммитига тайёргарлик масалаларини кўриб чиқди.

Мирзиёев Туркияга ташрифи доирасида Грузия Президенти билан учрашди

Мирзиёев Туркияга ташрифи доирасида Грузия Президенти билан учрашди

Учрашувда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони энергетика вазири бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони энергетика вазири бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва янги амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Туркияга жўнаб кетди

Шавкат Мирзиёев Туркияга жўнаб кетди

Давлат раҳбари БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг 31-сессияси тадбирларида иштирок этади.

Сунъий интеллект хавфсизликка таҳдид солмаслиги керак: Шавкат Мирзиёев халқаро ташаббусларни илгари сурди

Сунъий интеллект хавфсизликка таҳдид солмаслиги керак: Шавкат Мирзиёев халқаро ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон Президенти Остонада Ақаба жараёни доирасидаги Марказий Осиё етакчилари учрашувида қатнашди.