Туристлар Тож Маҳал кўринмаётганидан норози
Ҳиндистон ҳаво ифлосланиши муаммосини “тоқ-жуфт” тизими орқали ҳал қилмоқчи.

Янги Деҳли маъмурияти ҳавонинг кучли ифлосланиши сабабли чекловлар киритмоқда. Ҳиндистон пойтахти қалин тутун билан қопланган.
Автомобиллар билан боғлиқ муаммо “тоқ-жуфт” тизими орқали ҳал қилинади: ойнинг жуфт кунларида фақат рақамлари жуфт бўлган автомобилларда, тоқ кунлари эса тоқ рақамли машиналар ҳаракатланиши мумкин. Шу тариқа, расмийлар мамлакат фуқароларини шахсий автомобиллардан фойдаланишни биргаликда камайтиришга ундамоқчи, бу, уларнинг фикрича, дўстона муносабатларни ривожлантиради ва мустаҳкамлайди, шунингдек, ёқилғини тежаш ва атмосферага камроқ зарар етказади.
Чекловлар таълим соҳасига ҳам таъсир қилади. Ҳозирда кучли тутун туфайли 5-синфгача бўлган ўқувчилар учун дарслар тўхтатилган.
Ҳиндистон пойтахтида ҳаво сифати кузда кескин ёмонлашди. Бунга ёнаётган далалар сабаб бўлади. Қишлоқ хўжалиги ишчилари сомонни олиб ташлаш учун асбобларни сотиб олиш имкониятига эга эмаслар ва шунинг учун қолдиқларни тўғридан-тўғри далаларда ёқишга мажбур.
Аввалроқ Тож Маҳал мақбарасини қалин тутун қоплагани хабар қилинганди. Туристлар норози, чунки диққатга сазовор жой умуман кўринмайди.







