Покистонда автобусга уюштирилган ҳужумда 9 киши ҳалок бўлди
Шунингдек, 26 киши тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Покистон шимолида жиноятчилар автобусга қарата ўт очиши оқибатида 9 киши, жумладан, икки аскар ҳалок бўлди.
Ҳодиса шанба куни кечқурун Гилгит-Балтистон вилояти шимолидаги Чилас туманида содир бўлган.
Ҳужум вақтида ҳайдовчи автобус бошқарувини йўқотиб, юк машинасига бориб урилган. Юк машинаси ёниб кетган, иккала машина ҳайдовчилари ҳалок бўлган.
Жами 26 киши тан жароҳати олиб, маҳаллий шифохонага етказилган.
Гилгит-Балтистон ички ишлар вазири Шамс Лаун журналистларга воқеа "террор ҳужуми" эканини ва ҳалок бўлганлар орасида икки покистонлик ҳарбий ҳам борлигини айтди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳудуд муфтийси Шер Замон ҳам яраланган.
“Texrik-i-Taliban Pokiston” ёки ТТП вакили Муҳаммад Хоросоний ўз баёнотида гуруҳнинг воқеага алоқаси йўқлигини айтди.







