Эрон Исроилга яна ҳужум уюштирди
Бу ҳолат Трамп Исроил ва Эрон ўртасида келишув тузилганини эълон қилгандан сўнг содир бўлди.

Исроилнинг жанубидаги Беэршеба шаҳрида Эрон томонидан уюштирилган ракета ҳужумлари оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Исроил ОАВ. Ҳарбийлар Эроннинг ҳужумлари давом этаётганини тасдиқлади.
Бу ҳолат АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва Эрон ўртасида "12 кунлик уруш"га нуқта қўювчи ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тузилганини эълон қилганидан кейин содир бўлди. Бироқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий бундай келишув йўқлигини билдирар экан, Исроил маҳаллий вақт билан соат 4:00 гача ҳужумларни тўхтатса, Теҳрон ҳам ҳужумларни тўхтатишини айтди.
Сўнгги соатларда Эрон АҚШнинг якшанба кунги ядровий объектларга берган зарбасига жавобан Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига ҳам ракеталар йўллаган.
Эрон расмийларига кўра, 13 июндан бери Исроил томонидан бошланган ҳужумлар натижасида 400 дан ортиқ одам, жумладан 13 бола ҳалок бўлган, 3 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Исроил ҳудудида Эрон ҳужумларидан ҳозиргача камида 24 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.







