Россиялик беморнинг ошқозонидан 27 та зажигалка олиб ташланди
Бемор бу жиҳозлар ошқозонига қандай тушиб қолгани ҳақида изоҳ бермаган.

Россиянинг Тува Республикаси, Қизил шаҳридаги тиббиёт муассасасида шифокорлар 56 ёшли эркак беморнинг ошқозонидан 27 дона зажигалка ва 1 дона тангани олиб ташлашди. Бу ҳақда mk.ru нашри хабар берди.
Бегона жиҳозлар беморнинг ошқозонида компьютер томографияси орқали аниқланган. Жараён якунида бемор умумий беҳушлик остида эндоскопик усулда операция қилинган. Операцияда эндоскопия бўлими ходимлари ва анестезиологлар иштирок этган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, бу ҳолат тиббиёт амалиётида кам учрайдиган ва эътиборга молик операциялардан бири ҳисобланади. Хусусан, шунча миқдордаги бегона жиҳозларни жарроҳлик аралашувисиз олиб ташлаш – ноёб тажриба сифатида баҳоланган.
Бемор эса зажигалкалар ва танга ошқозонига қандай кириб қолгани бўйича ҳеч қандай тушунтириш бермаган.







