Ўзбекистон

Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси 62,5 млрд сўм нафақа тайинлади

Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига 8,9 мингта касаллик варақалари келиб тушган ва шундан 5 400 мингта касаллик варақалари бўйича нафақалар тайинланган.

Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси 62,5 млрд сўм нафақа тайинлади

 

Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар инсон манфаатларини биринчи ўринга қўяётгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ижтимоий соҳадаги мазкур ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири — давлат ижтимоий суғурта тизимининг жорий этилишидир.

 

Маълумки, яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртанинг янги тизими босқичма-босқич амалиётга жорий этилади. Ушбу Қонун ва Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, жорий йилнинг июль ойидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланиши йўлга қўйилди.

 

Мазкур ислоҳотнинг долзарблиги, аввало, аҳолининг кенг қатламларини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш имкониятларининг кенгайишида намоён бўлади. Илгари ушбу нафақалар асосан иш берувчилар зиммасида бўлгани сабабли хусусий секторда ишловчи кўплаб ходимлар, айниқса аёллар, мазкур кафолатлардан тўлиқ фойдалана олмас эди. Янги тизим эса ушбу тенгсизликка барҳам бериб, ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.

 

Шу билан бирга, давлат ижтимоий суғурта тизими ҳар бир расмий ишловчи фуқарога касаллик ёки ҳомиладорлик даврида даромадини сақлаб қолиш имконини беради. Бу нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки камбағалликнинг олдини олишга қаратилган самарали механизм сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

Янги тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — ижтимоий тўловлар билан боғлиқ молиявий юкнинг иш берувчилар зиммасидан олиб ташланишидир. Бу эса тадбиркорларга ўз ресурсларини иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бизнесни ривожлантиришга йўналтириш имконини беради. Илгари мазкур нафақаларни тўлаш мажбурияти иш берувчилар зиммасида бўлгани сабабли, улар маҳсулот ёки хизматлар таннархига салбий таъсир кўрсатиб, бозордаги рақобатбардошликни пасайтирган. Айрим ҳолларда эса, харажатларни қисқартириш мақсадида ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилмаслик ёки ишдан бўшатиш каби салбий ҳолатлар кузатилган. Янги тизим бу каби амалиётларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Бундан ташқари, давлат ижтимоий суғурта тизими расмий бандликни рағбатлантиради. Чунки нафақалар фуқароларнинг суғурта стажига боғлиқ ҳолда тайинланади. Яъни, инсон қанчалик узоқ муддат расмий ишлаб, суғурта тизимида иштирок этса, унинг ижтимоий ҳимояси шунчалик мустаҳкам бўлади.

 

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, янги тизим жорий этилиши натижасида 2026 йилда:

— бюджет ташкилотларида ишловчи қарийб 2,2 миллион нафар фуқаро;
— хусусий секторда банд бўлган 3,6 миллион нафардан ортиқ фуқаро;
— якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган ва норасмий секторда фаолият юритувчи 7 миллион нафардан ортиқ фуқаро давлат ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олиниши режалаштирилган.

 

Шунингдек, Ижтимоий суғурта жамғармаси орқали 2026 йилда 165 минг нафар суғурталанган шахсга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, 2026 йил 1 июлдан бошлаб эса 500 минг нафарга яқин суғурталанган шахсга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари фуқароларнинг мурожаатисиз, проактив шаклда тўлаб берилиши кўзда тутилмоқда.

 

Янги тизимнинг энг замонавий жиҳатларидан бири — унинг тўлиқ рақамлаштирилганидир. Нафақалар электрон тарзда, фуқаролардан қўшимча ҳужжат ёки мурожаат талаб этилмаган ҳолда автоматик равишда тайинланади. Бу эса шаффофликни ошириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш ва инсон омилини минималлаштиришга хизмат қилади.

 

Амалиёт натижаларига тўхталадиган бўлсак, 2026 йил 1–15 январь кунлари оралиғида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига 8,9 мингта касаллик варақалари келиб тушган. Шундан 5,4 мингтаси (60 фоиз) бўйича 62,5 миллиард сўм миқдорида нафақалар тайинланган.

 

Қолган 3,5 мингта меҳнатга лаёқатсизлик варақаларидан 1,3 мингтаси (15 фоиз) бўйича фуқаролар расмий банд бўлмагани ёки суғурта стажи етарли эмаслиги сабабли нафақа тайинлаш рад этилган. Яна 2,2 мингта (25 фоиз) варақалар юзасидан нафақа тайинлаш ёки рад этиш масаласи бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

Фуқароларни хабардор қилиш мақсадида нафақа тайинланганлиги, тўланганлиги ёки рад этилганлиги ҳақида касаллик варақаларида кўрсатилган мобил телефон рақамларига тегишли SМS-хабарномалар юборилмоқда.

 

Хулоса қилиб айтганда, давлат ижтимоий суғуртанинг янги тизими — бу шунчаки тўловлар механизмини ўзгартириш эмас, балки инсон қадри, ижтимоий адолат ва давлатнинг фуқаро олдидаги масъулиятини амалда намоён этувчи муҳим ислоҳотдир. Мазкур Қонун Ўзбекистонда молиявий жиҳатдан барқарор, шаффоф ва умуминсоний қадриятларга таянган давлат ижтимоий суғурта тизимини шакллантиришга мустаҳкам замин яратади.

custom img

Академик лицейларга кириш тести натижалари эълон қилинди

Имтиҳон натижасидан норози бўлган абитуриентлар уч иш куни ичида апелляция шикояти бериши мумкин.

custom img

Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари сони икки баробарга оширилади

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон билан давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари сони 15 тадан 30 тага етказилишини маълум қилди.

custom img

Андижондаги боғчада болаларни ҳақоратлаган тарбиячи ишдан бўшатилди

Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди.

custom img

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан табриклади

Давлат раҳбари табригида Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил яшаётганини қайд этиб, профессионал “Дўстлик” ансамбли ташкил этилишини маълум қилди.

custom img

Тошкентда ёлғиз кекса аёлнинг уйи ўзлаштирилдими?

Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

custom img

Тошкентда тунги рейд пайти қарздорнинг машинаси хатланди

Маълум бўлишича, МЧЖнинг банкдан 15 млн қарзи бўлган.

custom img

Шерободда браконерлар қўриқхона ходимларига ўқ узди

Ҳуқуқбузарлар қўриқхона ходимларининг тўхташ талабига бўйсунмаган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

custom img

МИБ ярим йилда 2 трлн сўм алимент пулларини ундирди

Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62 фоизга ошган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"