Бизнес-омбудсман Тошкентнинг “Дизайн-коди” қарорини қайта кўриб чиқишни талаб қилди
Умумий овқатланиш соҳаси тадбиркорлари янги дизайн-код “саводсизларча” қилинганини айтиб, пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилиш чоғида электр энергиясини ўчириш билан таҳдид қилинаётганидан шикоят қилди.

Бизнес-омбудсман девони томонидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил 17 февралдаги “Дизайн-коди”га оид қарори тадбиркорлик фаолиятига таъсири нуқтаи назаридан ўрганилди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳужжатнинг айрим бандлари амалдаги қонунчилик талабларига зид экани аниқланган. Хусусан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги Қонунга мувофиқ, тадбиркорлик фаолиятига таъсир этувчи ҳужжатлар лойиҳалари Бизнес-омбудсман билан мажбурий тартибда келишилиши лозим. Бироқ ушбу қарор Вакил билан келишилмасдан қабул қилингани қайд этилган.
Шунингдек, қарорда реклама воситаларига қўйилган “паст тўйинган” ёки “нейтрал” ранг каби тушунчаларнинг аниқ ҳуқуқий мезонлари белгиланмагани таъкидланган. Бу эса, мутахассислар фикрича, тадбиркорларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларига, хусусан рўйхатдан ўтган брендлар манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, янги талабларга мослашиш учун белгиланган 3 ойлик муддат етарли эмаслиги, жараённи босқичма-босқич жорий этиш механизмлари назарда тутилмагани ҳам қайд этилган. Бир неча объектларга эга бўлган тармоқ ташкил этган брендларнинг манфаатлари инобатга олинмаган.
Шу муносабат билан Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент шаҳар Кенгашига қарорнинг тадбиркорлик фаолиятига дахлдор қисмларини қайта кўриб чиқиш, тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда кучга кириш муддатини узайтириш юзасидан расмий хулоса киритилган.
Вакил девони, шунингдек, мазкур ҳужжатни тадбиркорлар манфаатларини инобатга олган ҳолда, ўз ходимлари иштирокида қайта ишлаб чиқишни таклиф этган.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган очиқ мулоқотда, умумий овқатланиш соҳаси тадбиркорлари Тошкентнинг янги дизайн-коди “саводсизларча” қилинганини айтиб, пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилиш чоғида электр энергиясини ўчириш билан таҳдид қилинаётганидан шикоят қилди.
Хусусан Giotto тармоғи асосчиси Кемал Кая дизайн кодини ишлаб чиққан компанияни кескин танқид қилиб, уларнинг ишини “саводсизлик” деб атади. У бунга мисол қилиб президент ташрифи арафасида “Ўзбекистон овози” кўчасидаги (С-1) филиал билан боғлиқ вазиятни келтирди.
Тадбиркор ҳокимлик талаби билан ресторан пешлавҳасини бир неча бор ўзгартирганини айтди. Оқибатда охирги ҳокимлик ходимларининг ўзига ҳам ёқмаган.
Ресторатор ҳужжатда белгиланган пешлавҳалар пропорциялари (ҳарфлар 50 см дан ошмаслиги) нотўғри эканини айтиб, бу муассасалар, айниқса халқаро брендларга қийинчилик туғдираётганини билдирди.
“Сиз мамлакатни бутун Европа олдида шарманда қиляпсиз Бундай лойиҳани нормал мамлакатда қила олмайсиз, узр. Бу усул ўтмайди Итальянлар куляпти. Papa Johns'да ҳам худди шу муаммо. Ҳаммада муаммо бор. Нега бу ерда муаммо бўлиши керак? Бунга ҳокимият эмас, лойиҳани ишлаб чиққан одамлар айбдор. Уларнинг айби туфайли ҳокимиятга ҳам, сизга ҳам, одамларга ҳам — ҳаммага қийин бўляпти. Ўзбекистонни Шимолий Кореяга айлантирмоқчисиз”, — дея қайд этди у.
Дизайн кодни ишлаб чиқишга раҳбарлик қилган “Toshkent Invest” компаниясининг девелоперлик лойиҳаларини шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Рушана Ҳасанова расмийлар ҳужжатни муҳокама қилишга очиқ эканини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, лойиҳа ишлаб чиқувчиси Россиянинг CM International компанияси ҳисобланади. У 2024 йилдан буён ҳокимлик ҳузуридаги “Тoshkent Invest” компанияси буюртмаси асосида лойиҳа билан шуғулланиб келган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “пешлавҳаларни бирхиллаштириш” ҳақидаги қароридан кейин Тошкент шаҳрининг бир қатор марказларидаги тадбиркорлик субъектларига бир неча бор ўзгартириш киритилганидан тадбиркорлар норози бўлиб келаётган эди.








