Қамчибек Ташиев давлат тўнтаришига уриниш сабаб ишдан бўшатилган — депутат
Ташиев жорий йил февраль ойида махсус хизмат раҳбари лавозимидан озод этилганди.

Қирғизистон парламенти депутати Элвира Сурабалдиева мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев лавозимидан давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқ ҳолатлар сабаб озод этилганини маълум қилди.
Депутатнинг таъкидлашича, мазкур воқеалар юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Унинг айтишича, айрим шахслар аллақачон ҳибсга олинган ёки тергов жараёнига жалб этилган.
Сурабалдиева президент Садир Жапаров томонидан қаттиқроқ чора кўрилмаганини давлат раҳбарининг саховатпешалиги сифатида баҳолаган. У президент учун ушбу вазият сиёсий ва шахсий жиҳатдан мураккаб синов бўлаётганини ҳам қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Қамчибек Ташиев жорий йил февраль ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилганди. Кейинчалик Қирғизистон президенти унинг давлат хизматига қайтмаслигини билдирган.
Айни пайтда расмий органлар мазкур баёнотлар юзасидан қўшимча изоҳ бермаган.








