Россиянинг 9 май кунги парадига Украина дронлари учиб келиши мумкин — Зеленский
Украина Президентига кўра, Москванинг ҳарбий техникасиз парад ўтказиш режаси ҳам айнан шу таҳдидлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Володимир Зеленский Россия 9 май куни Москвада ўтказиладиган парад вақтида Қизил майдон устидан Украина дронлари учиб ўтишидан хавотирда эканини билдирди. Бу ҳақда "Интерфакс" ёзмоқда.
Украина Президенти бу ҳақда Ереванда бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида сўзлади. Зеленскийнинг айтишича, Россия 9 май парадини ҳарбий техникасиз ўтказишни режалаштириши ҳам айнан шу хавотирлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
“Агар шундай бўлса, бу кўп йиллардан бери биринчи марта уларнинг ҳарбий техника чиқаришга қурби етмаётганини англатади. Улар Қизил майдон устидан дронлар учиб ўтиши мумкинлигидан қўрқяпти. Бу жуда кўп нарсадан далолат беради ва ҳозир улар кучли эмаслигини кўрсатади", — деди Зеленский.
Унинг фикрича, Россияга босимни санкциялар орқали давом эттириш ва Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарур.
Шунингдек, Украина президенти Европа давлатларини дронларга қарши мудофаа тизимларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди. Унинг айтишича, Европа ҳаводаги, денгиздаги ва қуруқликдаги таҳдидларга қарши ишончли ҳимоя тизимига эга бўлиши керак.
Зеленский Европа музокараларда ягона позицияга эга бўлиши зарурлигини таъкидлаб, АҚШ билан алоқалар давом этаётганини, бироқ Россия билан музокараларда Европа ҳам иштирок этиши кераклигини билдирди.








