U-17 Осиё кубоги. Ўзбекистон финал остонасида мағлубиятга учраб турнирни тарк этди
Япония пенальтилар сериясида омадлироқ чиқди.

Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган U-17 Осиё кубогининг ярим финал учрашувидан ўрин олган Япония — Ўзбекистон баҳси якунига етди.
Учрашувни яхши бошлаган кичик "оқ бўрилар" 27-дақиқада Асилбек Алиев томонидан киритилган гол эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Аммо учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгида японлар ҳисобни тенглаштириб кетди ва ўйинни пенальтилар сериясига қадар олиб борди.
"Лотерея"да эса кунчиқар юрт вакиллари 3:2 ҳисобида устун келди ва мусобақа финалига йўлланма олди.
Маълумот ўрнида, Сергей Чигодаэв бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аввалроқ ушбу мусобақанинг чорак финалига чиқиши билан бирга шу йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритганди.








