Шавкат Мирзиёев EOИИ давлатларига бандлик бўйича миллий электрон хизматларни ўзаро боғлашни таклиф қилди
Бу тизим фуқароларга бўш иш ўринлари, ишга жойлашиш шартлари ва миграция қонунчилиги ҳақидаги маълумотлардан тўғридан-тўғри фойдаланиш имконини беради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Евросиё иқтисодий кенгаши мажлисида нутқ сўзлади. Президент ўз нутқида Ўзбекистон учун Евросиё иқтисодий иттифоқи (EOИИ) мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш ташқи иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг EOИИ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлиги комплекс иқтисодий шериклик тусини олган. Хусусан, ўзаро савдо ҳажми ортиб, саноат кооперацияси чуқурлашмоқда, логистик алоқалар мустаҳкамланмоқда, шунингдек, рақамли иқтисодиёт, энергетика ва хизматлар соҳаларида янги йўналишлар шаклланмоқда.
Президент Ўзбекистон Иттифоқнинг барча асосий тадбирларида фаол иштирок этаётганини билдириб, жорий йилда Евросиё иқтисодий комиссияси билан уч йиллик Ҳамкорлик режасини амалга ошириш якунланаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати Қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисини кузда Тошкентда ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳамда унинг доирасида кейинги давр учун янги Ҳамкорлик режасини қабул қилиш таклиф этилаётгани қайд этилди.
Нутқда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқлангани, савдо ва юк ташувларини рақамлаштириш, электрон тижоратни ривожлантириш ҳамда иқлим кун тартибига оид тармоқ дастурларидаги иштирок давом эттирилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, Тошкентда Евросиё тараққиёт банкининг мамлакат офиси очилгани ва биргаликда муайян лойиҳалар портфели шакллантирилгани маълум қилинди.
Президент ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталар экан, Ўзбекистон ва EOИИ давлатлари ўртасида тўсиқларсиз савдонинг ягона рақамли маконини шакллантириш муҳимлигини қайд этди. Бу борада электрон тижоратни ривожлантириш ва уни тартибга солиш ёндашувларини мувофиқлаштириш, божхона, фитосанитария ва ветеринария назорати соҳаларида рақамли маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаш ҳамда электрон ҳужжатларни босқичма-босқич ўзаро тан олиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, рақамли транзитни жорий этиш, кузатув тизимларига уланиш ва ўтказиш пунктларини модернизация қилиш орқали “ақлли” транспорт-божхона йўлакларини яратиш мақсадга мувофиқ экани билдирилди.
Давлат раҳбари саноат кооперацияси ривожига янги туртки бериш зарурлигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бизнес вакилларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологик шериклик ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга қизиқиши ортиб бормоқда. Бунга жорий йил апрель ойида Тошкентда муваффақиятли ўтказилган олтинчи “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмаси мисол сифатида келтирилди.
Шу муносабат билан мамлакатлар ўртасида саноат кооперацияси дастурини тайёрлашда мазкур кўргазма салоҳиятидан фойдаланиш таклиф этилди. Истиқболли йўналишлар сифатида саноат автоматизацияси ва робототехника, энергетика учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологиялар ҳамда замонавий қурилиш материаллари соҳалари қайд этилди.
Президент Ўзбекистонда кооперация бўйича “ягона дарча” форматида Евросиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда шерикларни танлайдиган, эркин саноат зоналари негизида ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган ва молиялаштиришни жалб этишга кўмаклашадиган қўшма лойиҳа офисини ташкил этишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, EOИИ давлатларидан келадиган юқори технологияли резидентлар учун қўшимча рағбатлантирувчи шароитлар ишлаб чиқилиши қайд этилди.
Нутқда саноатни “яшил” трансформация қилиш бўйича қўшма дастур қабул қилиш таклифи ҳам илгари сурилди. Ушбу дастур энергия самарадорлигини ошириш, тоза технологияларни жорий этиш ва маҳсулотларнинг углерод сиғимини камайтиришга қаратилиши таъкидланди. Президент бу масала эндиликда нафақат экологик кун тартиби, балки саноатнинг узоқ муддатли рақобатдошлигини таъминловчи муҳим омилга айланаётганини қайд этди.
Амалий чоралар сифатида қўшма “яшил” лойиҳалар портфелини шакллантириш, уларни молиялаштиришнинг янги механизмларини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали саноатнинг устувор тармоқларини модернизация қилиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Президент ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш долзарб эканини билдириб, бандлик бўйича миллий электрон хизматларни ўзаро боғлаш ташаббусини илгари сурди. Қайд этилишича, бу фуқароларнинг бўш иш ўринлари, ишга жойлашиш шартлари ва миграция қонунчилиги ҳақидаги маълумотлардан тўғридан-тўғри фойдаланишини таъминлайди.
Шу билан бирга, меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олиш, ходимлар малакасини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва норасмий бандлик хавфларини камайтириш имконини беради.
Туризм масаласига тўхталган Президент бугунги кунда ушбу соҳа маданий-гуманитар ҳамкорликнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. У “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббусини илгари суриб, EOИИ мамлакатларини ушбу лойиҳада иштирок этиш ҳамда туристик йўналишни оммабоп рақамли платформаларда биргаликда тарғиб қилишга таклиф этди.
Нутқ якунида Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий иттифоқи билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилиш қатъийлигини яна бир бор тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг илгари сурилган қўшма ташаббус ва лойиҳаларда иштироки ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда давлатларнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.








