Кўксарой қароргоҳида Германия Президенти тантанали кутиб олинди
Маросимдан сўнг икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги музокаралари бошланди.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Германия Президенти Франк-Валтер Штайнмайерни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Президенти олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, уни шоҳсупага таклиф этди.
Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Германия давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирларига таништирдилар.
Маросим якунида икки мамлакат етакчилари биргаликда суратга тушдилар. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишга бағишланган олий даражадаги музокаралар бошланди.








