Қирғизистон парламенти спикери Ташиевни “шоқол” деб атади
Спикер “75 лар хати” ташаббускорларини кескин танқид қилди.

Қирғизистонда “75 лар хати” номи билан танилган шов-шувли жиноят иши бўйича суд жараёни давом этмоқда. Мазкур иш доирасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев, собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, Жўқорғу Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли ҳамда яна бир қатор собиқ амалдорлар айбланувчи сифатида иштирок этмоқда. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.
Бишкекда бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида айрим адвокатлар журналистларнинг айбланувчиларга ҳаддан ташқари яқинлашаётганидан норозилик билдириб, жараённи яна ёпиқ тарзда ўтказишни таклиф қилган. Судья Азирет Медеров ҳам суд залидаги одамлар сонининг кўплигига эътибор қаратган.
Шу билан бирга, Жўқорғу Кенеш спикери Марлен Маматалиев “75 лар хати” ташаббускорларини кескин танқид қилган.
“Шоқоллар ва шоқолчалар ўз ўйинларини ўтказмоқчи бўлишди, бироқ улар ҳеч қачон шерни енга олмаслигини унутишди. Чунки шер ортида 7 миллион инсон турибди”, — деган у 17 июнь куни парламент ялпи мажлисида.
Спикернинг таъкидлашича, мактуб ташаббускорлари ўзларига қўйилган айбловларни рад этмоқда. Унинг фикрича, улар ўз ҳаракатлари ва ниятларини тан олганлари маъқул бўларди. Марлен Маматалиев мазкур масалага якуний ҳуқуқий баҳони суд бериши кераклигини қайд этган.
Маълумотларга кўра, 15 июндан бошлаб “75 лар хати” иши бўйича суд жараёни илк бор очиқ тартибда ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаров фармони билан лавозимидан озод этилган эди.








