Нью-Йоркдаги Тimes майдонида отишма содир бўлди
Ҳодиса оқибатида камида бир киши жароҳат олиб, шифохонага етказилган.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги энг гавжум масканлардан бири бўлган Тimes майдонида қуролли ҳужум юз берди. Бу ҳақда Fох 5 NY телеканали шаҳар полицияси маълумотларига таяниб хабар берди.
Associated Press агентлигининг ҳуқуқ-тартибот органлари ва ўт ўчириш хизмати маълумотларига таяниб хабар беришича, ҳодиса оқибатида камида бир киши жароҳат олиб, шифохонага етказилган. Шунингдек, отишмада гумон қилинаётган шахс тезкор равишда қўлга олинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қора кийимдаги камида икки киши гавжум ҳудудда ўқ узгани, ўқ овозларидан сўнг эса атрофдаги одамлар ваҳима ичида турли томонга қочиб, бошпана излай бошлагани акс этган. Айрим кадрларда отишма полиция автомашинасидан бир неча метр нарида содир бўлгани кўринади.
Ҳодиса “New-York Niks” баскетбол жамоасининг 53 йил ичида илк бор NBА чемпионлигини қўлга киритиши муносабати билан ўтказилган тантанали парад якунланганидан бир неча соат ўтиб юз берган.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа тафсилотларини ўрганмоқда. Жароҳатланганларнинг аниқ сони ва ҳодисанинг сабаблари юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Туркиянинг жануби-шарқидаги Қаҳраманмараш вилоятидаги мактабда юз берган отишмада тўққиз киши ҳалок бўлган ва 21 киши жароҳатланган эди. 14 апрель куни Шанлиурфа вилоятидаги мактабда ўн тўққиз киши жароҳат олгани хабар қилинган эди.








