Президент Дунё мақом маркази ва Халқаро мақом академиясини ташкил этишни таклиф қилди
Давлат раҳбари “Шашмақом”нинг олти йўналиши асосида ҳудудларда “Мақом йўли” маданий-туристик маршрутларини яратиш режасини ҳам эълон қилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Учинчи Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, мақом асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари анжуманда UNESCO, ICESCO, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Туркий оқсоқоллар кенгаши, ТУРКСОЙ, Туркий Парламент Ассамблеяси, Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари, чет давлатларнинг маданият вазирлари ва элчилари, шунингдек, 80 дан ортиқ мамлакатдан 250 га яқин маданият ва санъат намояндалари иштирок этаётганини таъкидлади.
Президент UNESCO томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган мақомни миллат хотираси, халқ қалби асрлар давомида янграб келаётган маънавий овоз сифатида эътироф этди. Унинг қайд этишича, анжуманнинг асосий мақсади ушбу ноёб асраб-авайлаш, ўрганиш, тарғиб этиш ва келажак авлодларга етказишдан иборат.
Президент мақом санъатининг назарий, тарихий ва фалсафий масалаларини тадқиқ этувчи махсус илмий кенгашлар фаолияти янги босқичга олиб чиқилишини маълум қилди. Шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “мусиқа мактаби – ихтисослашган мактаб – олийгоҳ” тизими жорий этилгани таъкидланди.
Президент яқинда маданият ва санъатнинг 21 та йўналиши, жумладан мақом бўйича ҳам ижодий бирлашмалар ташкил этилганини билдириб, улар маҳаллалардан истеъдодли ёшларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини қайд этди.
Эндиликда ёш мақомчилар учун маҳалла, туман, вилоят ва республика миқёсида танловлар ўтказилиши режалаштирилган. Нутқда айни пайтда “Шашмақом” дурдоналари, Фарғона–Тошкент ва Хоразм мақомларининг ўрганилмаган матнлари ҳамда ноёб ижро услублари қайта тикланаётгани, бу йўналишда йирик илмий ва академик нашрлар ҳамда овозли архивлар тайёрланаётгани маълум қилинди.
Давлат раҳбари Янги Тошкентда бунёд этилаётган Мақом марказини Дунё мақом маркази деб номлаш ва унинг ҳузурида Халқаро мақом академиясини ташкил этишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу маскан жаҳон мақом санъатининг йирик илмий-тадқиқот марказига айланиши мумкин.
Академияда ўзбек мақом мактаблари билан бир қаторда араб, турк, форс, тожик, ҳинд ва бошқа Шарқ мумтоз мусиқа йўналишларини ўқитиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мақомга қизиқадиган дунё ёшлари учун “устоз-шогирд” анъаналари асосида маҳорат амалиёти дастурларини йўлга қўйиш ва бунинг учун махсус грантлар ажратиш таклиф этилди.
Президент марказ ҳузурида дунёдаги ноёб мусиқий қўлёзмалар, овоз ёзувлари ва нота архивларини жамлайдиган Халқаро рақамли кутубхона ҳамда лаборатория ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурди. Унинг фикрича, янги мажмуа олимлар ва санъатшуносларни бирлаштирадиган глобал илмий-академик платформага айланиши лозим.
Давлат раҳбари дунё халқларининг мақом, муғом, мукам ва дастгоҳ каби мумтоз мусиқа намуналарига оид маълумотларни ягона рақамли маконга жамлаш вақти келганини таъкидлаб, мақом санъати олимлари ва ижодкорларини Жаҳон мақом антологиясини яратишга чақирди. Мазкур лойиҳа доирасида мақом асарлари, ноталар, аудио ва видео ёзувлар ҳамда илмий тадқиқотларни ягона платформага жойлаштириш, шунингдек, мақом ижроси бўйича мобил илова яратиш ва унинг фонотекасини мунтазам янгилаб бориш таклиф қилинди.
Мақом илмини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро жамғарма ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Ушбу жамғарма грантларини илмий тадқиқотлар, ноёб манбаларни ўрганиш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва соҳа вакилларини рағбатлантиришга йўналтириш таклиф этилди.
Шу билан бирга, жамғарма ҳисобидан мақом ривожига катта ҳисса қўшган олим ва санъаткорларни ҳар икки йилда тақдирлаб борувчи Халқаро мақом мукофотини таъсис этиш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари “Шашмақом”нинг олти йўналиши асосида ҳудудларда “Мақом йўли” маданий-туристик маршрутларини яратиш режасини ҳам эълон қилди. Унга кўра, Бухорода “Бузрук”, Самарқандда “Рост”, Хивада “Хоразм” ва “Ироқ”, Қўқонда “Наво”, Шаҳрисабзда “Дугоҳ”, Тошкентда эса “Сегоҳ” мақомларига бағишланган тематик туризм кўчалари ташкил этилади. Кафе ва ресторанлар, истироҳат боғлари ҳамда хиёбонларда мақом асарлари мунтазам янграб туриши кўзда тутилган.
Президент озарбайжонлик санъаткорларни муғоми билан, туркиялик ижодкорларни муқоми, тожикистонлик ҳофизларни мақоми, Ҳиндистон бадиий жамоаларини “рага”си, Африка қитъаси вакилларини “нуба”си билан “Мақом йўли” маданий-туристик маршрутида фаол иштирок этишга чақирди.
Нутқ давомида Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига миллий давлат ансамбли мақоми берилиши эълон қилинди. Давлат раҳбари ушбу қарор машҳур ижодий жамоанинг миллий мусиқа дурдоналарини жаҳон саҳналарида тарғиб этишига янги туртки беришини таъкидлади.
Президент глобаллашув даврида мақом инсон қалбида эзгу туйғуларни тарбиялайдиган ва ёшларнинг маънавий оламини юксалтирадиган муҳим маънавий манба эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Халқаро мақом санъати анжумани мақомнинг умрбоқий меросини келажак авлодларга етказишга хизмат қилаётган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
Нутқ якунида давлат раҳбари футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштирокига ҳам тўхталди. Президент терма жамоанинг мундиалга йўлланма олиши халқнинг 34 йиллик орзусини рўёбга чиқарганини таъкидлаб, Колумбияга қарши илк учрашув нафақат Ўзбекистон, балки хориждаги ватандошлар, Марказий Осиё, туркий халқлар ва Ҳамдўстлик мамлакатлари футбол мухлисларини ҳам бирлаштирганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Португалияга қарши бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашув мамлакат футболи тарихидаги муҳим саҳифалардан бири бўлишини билдириб, миллий терма жамоани Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари деб атади ва футболчиларга омад тилади.








