Ўзбекистонда экологик баҳолаш тизимига халқаро механизмлар жорий этилади
Янги тартиблар экологик экспертизани соддалаштириш, жараёнлар шаффофлигини ошириш ҳамда жамоатчилик иштирокини кучайтиришни назарда тутади.

2025 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 майдаги 234-сон қарори билан экологик баҳолашнинг янги механизмлари тасдиқланди. Бу ҳақда Давлат экологик экспертизаси маркази хабар берди.
Қарорга мувофиқ, давлат экологик экспертизаси ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг янги тартиблари жорий этилади. Хусусан, амалда тўртта тоифага бўлинган экологик экспертиза объектлари битта тоифага бирлаштирилади. Бу эса атроф-муҳитга таъсири кам бўлган минглаб кичик бизнес субъектларини ортиқча экологик экспертиза жараёнларидан озод этиши кутилмоқда.
Давлат экологик экспертизасини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш тартиби ҳам белгиланмоқда. Бу соҳада очиқлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, экологик экспертиза иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экологик хулосалар юзасидан баҳсли масалаларни коллегиал кўриб чиқиш механизмлари ҳамда Париж келишуви, Базел ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенциялар доирасидаги халқаро мажбуриятларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари жорий этилади.
Янги тартиблар жамоатчилик эшитувлари ва жамоат экологик экспертизасини ўтказиш механизмларини ҳам белгилайди. Бу эса экологик қарорлар қабул қилишда фуқаролар иштирокини кенгайтириш ва Орхус конвенцияси бўйича мажбуриятларни бажаришга хизмат қилади.
Қарор билан лойиҳачи ташкилотлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш ҳамда мутахассисларга малака сертификатлари бериш тартиби ҳам жорий этилади. Мазкур тизим лойиҳа ҳужжатлари сифатини ошириш ва экологик талабларга жавоб бермайдиган лойиҳалар сонини камайтиришга қаратилган.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда давлат экологик экспертизаси органлари томонидан 49 минг 620 та экологик хулоса берилган бўлиб, қарийб 700 та лойиҳа экологик талабларга жавоб бермагани аниқланган.
Қайд этилишича, экологик баҳолаш тизимига замонавий халқаро механизмларнинг жорий этилиши атроф-муҳитни муҳофаза қилишни кучайтириш, экологик хавфларни камайтириш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.








