Жиззахда қоровул 4 йил давомида ишлаган корхонасида ўғрилик қилгани аниқланди
Қоровул навбатчилик кунлари маҳалладошлари билан корхонадан генератор ва тикув машиналарини олиб чиқиб сотгани аниқланди.

Жиззах шаҳридаги йирик текстиль корхонасида 2022 йилдан буён содир этиб келинган йирик ўғрилик ҳолати фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, корхона хўжалик мудири Ички ишлар органларининг 112 ягона диспетчерлик хизматига мурожаат қилиб, 2022 йилдан буён корхона ҳудудидан жами 91 дона электр генератори ва тикув машинаси ўғирлаб кетилганини билдирган. Шунингдек, номаълум шахслар мис кабелларни олиш мақсадида бинога деворни бузиб киргани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан кенг кўламли тезкор тадбирлар ўтказилган. Тергов давомида корхонада турли даврларда қоровул бўлиб ишлаган шахслар текширилиб, видеокузатув камералари ёзувлари ва бошқа тезкор маълумотлар таҳлил қилинган.
Натижада Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида яшовчи қоровул навбатчилик қилган кунларда давлат рақам белгиси Сирдарё вилоятига тегишли автомашиналар кечки пайт корхона ҳудудига кириб, тонгга яқин чиқиб кетгани аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи қоровул навбатчилик вақтида маҳалладошини корхонага чақириб, электр генераторлари ва тикув машиналарини ноқонуний равишда олиб чиқиб, сотиб келган. Шунингдек, яна икки нафар маҳалладоши ушбу буюмларни ташишда мунтазам иштирок этгани аниқланган.
Суриштирув давомида ўғирланган генераторлар, тикув машиналари ва катта миқдордаги мис кабеллар Тошкент вилоятининг Бекобод туманида металлолом қабул қилиш билан шуғулланувчи шахсга сотилгани маълум бўлган. Тезкор тадбирлар давомида ундан 4 дона электр генератори ва 7 дона тикув машинаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда Жиззах вилояти ҳамда Жиззах шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан гумонланувчиларнинг бошқа ўғрилик жиноятларига эҳтимолий алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор-қидирув ва процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.








