Жаҳон

Грецияда ёнғинлар кучайди: Европада жазирама янги офатларни келтириб чиқармоқда

Афина яқинидаги аҳоли пунктларидан юзлаб одамлар эвакуация қилинди. Франция ва Испанияда ҳам ёнғинларга қарши кураш давом этмоқда.

Грецияда ёнғинлар кучайди: Европада жазирама янги офатларни келтириб чиқармоқда

Европанинг бир қатор давлатларида ўрмон ёнғинлари кенг ҳудудларни қамраб олмоқда. Греция, Франция ва Испанияда кучли шамол ва давом этаётган жазирама сабаб ёнғинларни ўчириш ишлари мураккаблашган, минглаб аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

 

Грецияда шанба куни кучли шамоллар таъсирида мамлакатнинг бир нечта ҳудудларида, жумладан Афина яқинида ҳам йирик ёнғинлар юзага келди. Порто Гермено яқинидаги Агиа Параскеви тоғли ҳудудида аланга ўрмон ва бутазорларни қамраб олди. Расмийларга кўра, кучли шамол айрим ҳудудларда ёнғинни ўчириш ишларини деярли имконсиз қилмоқда.

 

Беотия вилоятида ёнғинни бартараф этишга 300 нафардан ортиқ ўт ўчирувчи, 92 та махсус техника, оғир механизмлар ва авиация жалб этилган. Агиос Василеиос шаҳарчасидан 200 нафардан ортиқ аҳоли денгиз орқали эвакуация қилинди. Порто Гермено соҳилидан эса яна 12 киши Греция Соҳил қўриқлаш хизмати кемалари ёрдамида хавфсиз ҳудудга олиб чиқилди.

 

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Порто Гермено ҳудудидаги ёнғин уч йўналишда тарқалиб, кўплаб турар жойларга зарар етказган. Расмийлар Агиа Параскеви, Крё Пигади ва Агиос Нектариос аҳоли пунктлари аҳолисини зудлик билан эвакуация қилиш бўйича огоҳлантириш берган.

 

Франциянинг жануби-шарқидаги Вар департаментида уч кун аввал назорат остига олинган ёнғин яна кучайиб, олти соат ичида 1 минг гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олди. Франция ички ишлар вазири Лоран Нунес вазиятни “жуда жиддий” деб баҳолади. Унинг айтишича, йил бошидан буён мамлакатда ёнғинлар 119 минг гектар майдонга зарар етказган.

 

Вар департаменти ёнғин ва қутқарув хизмати раҳбари Эрик Гроэннинг сўзларига кўра, ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилгани ва шамолнинг кучайиши ёнғинни жиловлашни қийинлаштирмоқда. Бир кеча давомида қарийб 2,5 минг киши эвакуация қилинди, ёнғин ўчириш ишларига қўшимча куч ва техникалар сафарбар этилди.

 

Франциянинг Бордо шаҳри яқинидаги йирик ёнғиндан қочиб қутулган кийиклар эса Жанубий Жиронд ҳайвонлар қўриқхонасида даволанмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, ҳайвонларнинг айримлари куйган, бошқалари эса ваҳима оқибатида автомобиллар ёки тўсиқларга урилиб жароҳат олган.

 

Испанияда ҳам ёнғин ўчоқларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Леон провинциясида янги ёнғин юзага келган бўлса, Замора провинциясида қарийб 11 минг гектар майдонни қамраб олган ёнғин назорат остига олиниб, эвакуация қилинган 14 та аҳоли пункти қайта очилди.

 

Кастелён провинциясидаги Валл-дъУихо ҳудудида қарийб 10 минг гектар майдонни куйдирган ёнғин барқарорлашгани сабаб барча эвакуация қилинган фуқароларга уйларига қайтишга рухсат берилди. Полиция ёнғиннинг қасддан чиқарилган бўлиши эҳтимолини ҳам текширмоқда.

 

Мадрид ва Авила ҳудудларида 70 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган йирик ёнғинлар ҳам назорат остига олинган. Мадрид яқинидаги Сан-Хуан сув омбори атрофида юзага келган янги ёнғин эса жума куни ўчирилди.

 

Мутахассислар жорий ёзда Европада кетма-кет кузатилган рекорд даражадаги иссиқ тўлқинлари ва ёғингарчиликнинг камлиги ўрмон ёнғинлари хавфини кескин оширганини таъкидламоқда. Нисбатан серёғин қишдан сўнг ўсиб чиққан ўсимликлар жазирама таъсирида қуриб, ёнғинлар учун катта миқдорда табиий ёнилғига айланган.

 

Экстремал иссиқнинг оқибатлари инсонлар саломатлигига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Австрияда июнь ойида жазирама билан боғлиқ 395 та ўлим қайд этилган. Буюк Британияда жорий йил бошидан буён иссиқ сабаб тахминан 2 877 киши вафот этгани айтилмоқда. Францияда 17 июнь — 2 июль оралиғида 5 764 та ортиқча ўлим қайд этилган бўлса, Германиянинг Роберт Кох институти юқори ҳарорат билан боғлиқ ўлимлар сонини қарийб 9 800 нафар деб баҳолаган.

custom img

Эронга қочиш: 17 нафар афғон ташналикдан ҳалок бўлди

Ҳалок бўлганлар орасида бир оиланинг беш нафар аъзоси ҳам бор.

custom img

Ҳусийлар Саудия Арабистонига зарба берди: Ар-Риёд “қатъий жавоб” ваъда қилди

Ҳусийлар Саудия ҳудудига уюштирган ракета ва дрон ҳужумларини Ямандаги Саудия ҳаво зарбаларига жавоб сифатида изоҳлади.

custom img

АҚШ суди янги виза қоидаларини блоклади: журналист ва талабалар учун чекловлар вақтинча тўхтатилди

Таклиф этилган янги тартибга кўра, хорижий талабалар АҚШда тўрт йилгача, журналистлар эса 240 кунгача қолиши мумкин эди.

custom img

Трамп музокарани таклиф қилди, Эрон шарт қўйди

Эрон расмийси АҚШ билан музокаралар учун белгиланган шартларга амал қилинишини талаб қилди.

custom img

Нетаняxу Ғазо ҳақидаги фильмни танқид қилди: уни антисемитик тарғибот деб атади

Исроил бош вазири Венеция кинофестивалида мукофотланган “NAZA” ҳужжатли фильмига кескин муносабат билдирди.

custom img

Хитой сунъий интеллект пойгасини танқид қилди: Пекин ҳамкорликка чақирди

Пекин сунъий интеллект соҳасидаги рақобатни кескинлаштириш ва технологик устунликка интилиш ҳақидаги қарашларни танқид қилди.

custom img

Ўзбекистон Биринчи хоними Корея Миллий сарой музейига ташриф буюрди

Зироат Мирзиёева ва Ким Хе Гён икки томонлама учрашув ўтказди.

custom img

Европада газ нархи кескин ошди: 2022 йил охиридан бери энг юқори кўрсаткич

Европа газ бозори Яқин Шарқдаги вазият ва муҳим транспорт йўналишларида юзага келаётган хавфлар фонида босим остида қолди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"