Спорт

UEFA Жанни Инфантинони FIFA президенти лавозимидан четлатмоқчи

UEFA FIFА президенти Жанни Инфантинонинг Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларини хусусий инвесторларга топшириш режаси бекор қилинганидан сўнг ташкилот раҳбариятига нисбатан ишончсизлик билдирди.

UEFA Жанни Инфантинони FIFA президенти лавозимидан четлатмоқчи

Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) FIFА президенти Жанни Инфантинонинг Жаҳон чемпионати даромадларини бошқариш учун 20 миллиард долларлик хусусий инвестиция компанияси ташкил этиш режасидан воз кечилганидан сўнг кескин баёнот билан чиқди. Бу ҳақда AP хабар берди.

 

UEFA баёнотида FIFA'нинг амалдаги раҳбарияти нафақат Европа футболи, балки халқаро футбол ҳамжамиятининг кўплаб аъзолари ишончини йўқотгани таъкидланди.

 

Ташкилотга кўра, футбол тақдирига таъсир қилувчи муҳим қарорлар яширин тарзда ва шошилинч равишда тайёрланмаслиги керак. UEFA ушбу ташаббус қандай пайдо бўлганини аниқлаш, унга масъул шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда келгусида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича бошқа конфедерациялар билан ҳамкорлик қилишини билдирди.

 

Шу билан бирга, The Telegraph нашрининг ёзишича, агар Жанни Инфантино лавозимини ихтиёрий равишда тарк этмаса, UEFA унга нисбатан ишончсизлик вотуми ўтказиш ташаббусини илгари суришга тайёр. Нашр маълумотига кўра, UEFA'га аъзо барча 55 миллий ассоциация бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бундай овоз бериш жараёнини бошлаш учун эса UEFA низомига кўра, камида 43 аъзо ассоциациянинг розилиги кифоя қилади.

 

Инфантино сешанба куни FIFA'нинг тижорат фаолиятини, жумладан эркаклар ва аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатлари ҳамда Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатларини 20 миллиард долларлик янги шўба компанияга ажратиш ва унинг 20 фоиз улушини хусусий инвесторларга сотишни таклиф қилган эди.

 

Бироқ режа бир неча кун ичида кучли қаршиликка учради. UEFA'га аъзо 55 мамлакат ушбу ташаббусга норозилик билдириб, ФИФА мусобақаларини бойкот қилиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олди. Кейинчалик Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси футбол конфедерацияси (CONCACAF), шунингдек Осиё футбол конфедерацияси ҳам режани қўллаб-қувватламаслигини эълон қилди.

 

Қаршиликлар FIFA ичида ҳам кузатилди. Ташкилот президентининг катта маслаҳатчиси Карлос Кордеиро истеъфога чиқди ва бошқа юқори лавозимли ходимларни ҳам ўз позициясини очиқ билдиришга чақирди.

 

Шундан сўнг FIFA бош операцион директори Кевин Ламур лойиҳа ташкилот ичида етарлича муҳокама қилинмагани ва ходимлар режа юзасидан тўлиқ хабардор қилинмаганини билдириб, ташаббус амалга оширилмаслиги кераклигини маълум қилди.

 

Натижада FIFA шанба куни Жаҳон чемпионати тижорат ҳуқуқларини хусусий инвесторларга топшириш режасини расман бекор қилди.

 

Норвегия футбол федерацияси президенти ва UEFA Ижроия қўмитаси аъзоси Лисе Клавенесс ушбу воқеа халқаро футбол бошқаруви тизимига путур етказганини билдириб, назорат механизмларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

 

Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа эса жаҳон футболига оид муҳим қарорлар фақат кенг маслаҳатлашувлар, жамоавий мулоқот ва амалдаги бошқарув тамойилларига риоя қилинган ҳолда қабул қилиниши лозимлигини билдирди.

 

Бу Жанни Инфантинонинг сўнгги йилларда бекор қилинган навбатдаги йирик ташаббуси бўлди. Аввалроқ у 2018 йилда янги халқаро мусобақаларни ташкил этиш бўйича 25 миллиард долларлик лойиҳа ҳамда 2021 йилда Жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда бир марта ўтказиш ғоясини илгари сурган, бироқ ҳар иккала ташаббус ҳам футбол ҳамжамиятининг кескин қаршилигидан сўнг амалга ошмай қолган.

 

FIFA низомига кўра, Инфантино яна бир тўрт йиллик муддатга президентлик учун номзодини қўйиш ҳуқуқига эга. Навбатдаги президентлик сайлови 2027 йил март ойида Марокашнинг Работ шаҳрида бўлиб ўтади, номзодларни рўйхатга олиш муддати эса 2026 йил 18 ноябрда якунланади.

«Ал-Насср» Тошкентга келмоқда: Роналду қайдномада борми?

«Ал-Насср» Тошкентга келмоқда: Роналду қайдномада борми?

«Пахтакор» ва «Ал-Насср» ўртасидаги учрашув 2 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади.

5 831 шахматчи, 620 млн сўм: “Zakovat-Gambit” финал баҳслари бошланди

5 831 шахматчи, 620 млн сўм: “Zakovat-Gambit” финал баҳслари бошланди

Мусобақада жаҳон гроссмейстерлари Петер Леко ва Хампи Конеру ҳам қатнашмоқда.

Замонавий ўзбек футболи ва ривожланиш истиқболлари

Замонавий ўзбек футболи ва ривожланиш истиқболлари

Ўзбекистон футболидаги янги босқич, легионерлар ўсиши ҳамда инфратузилмани модернизация қилиш бўйича таҳлилий мақола.

Ҳарри Кейн “Олтин тўп” соҳиби бўлди: инглиз футболида 25 йиллик кутиш якунланди

Ҳарри Кейн “Олтин тўп” соҳиби бўлди: инглиз футболида 25 йиллик кутиш якунланди

“Бавария” ҳужумчиси 2025/26 йилги мавсумда клуб ва терма жамоа сафида жами 73 та гол уриб, Килиан Мбаппе ва Ламин Ямални ортда қолдирди.

Осиё Кубоги: Ўзбекистон МТЖнинг ўйин вақтлари маълум бўлди

Осиё Кубоги: Ўзбекистон МТЖнинг ўйин вақтлари маълум бўлди

Жамоа Иордания, Шимолий Корея ва Баҳрайнга қарши майдонга тушади.

620 млн сўмлик соврин ва жаҳон гроссмейстерлари: “Zakovat-Gambit” финали Тошкентда

620 млн сўмлик соврин ва жаҳон гроссмейстерлари: “Zakovat-Gambit” финали Тошкентда

Турнирда қатнашиш учун 5 831 нафар шахматчи рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 633 нафари аёллар ҳисобланади.

Қатардаги халқаро турнир: ўзбекистонлик таэквондочилар 6 та медални қўлга киритди

Қатардаги халқаро турнир: ўзбекистонлик таэквондочилар 6 та медални қўлга киритди

WT терма жамоаси “Qatar Open” халқаро турнирида 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.

Каннаваро шогирдлари яна майдонда: Ўзбекистон Россияга қарши майдонга тушади

Каннаваро шогирдлари яна майдонда: Ўзбекистон Россияга қарши майдонга тушади

Терма жамоалар ўртасидаги баҳс “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади.