Ўзагроинспекция: ярим йилда 131,1 млрд сўмлик зарар аниқланди
Инспекция томонидан 46 971 та мониторинг тадбири ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 39 132 та огоҳлантириш киритилган

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан 2026 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ва соҳадаги ўзгаришлар таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида инспекция томонидан 46 971 та мониторинг тадбири ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 39 132 та огоҳлантириш киритилган. Шунингдек, 7 188 та хўжалик юритувчи субъектда профилактика тадбирлари ўтказилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилган.
Ўтказилган 9 689 та текшириш давомида аниқланган қонунбузарликлар юзасидан 4 885 та ҳолатда жами 7 млрд 893 млн сўмлик маъмурий жарима қўлланган. Бундан ташқари, 3 229 та тақдимнома тегишли идораларга киритилган, 1 728 та материал қонуний қарор қабул қилиш учун суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари назорати давомида 2 111 та ҳолатда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва тупроқ унумдор қатламига зарар етказиш каби қонунбузарликлар аниқланган. Натижада 290 гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонига зарар етказилгани қайд этилиб, етказилган зарар миқдори 131,1 млрд сўм деб ҳисобланган.
Уруғчилик соҳасида ҳам назорат тадбирлари амалга оширилган. 2026 йил ҳосили учун 22 минг тонна маҳаллий ва 18,4 минг тонна импорт қилинган чигит лаборатория синовларидан ўтказилган. Текширувлар натижасида 1,4 минг тонна сифатсиз уруғликнинг муомалага чиқарилишига йўл қўйилмаган. Апробация тадбирлари натижасида эса 265 минг тоннадан ортиқ сифатли уруғлик ғалла жамғарилган.
Дон маҳсулотлари тежамкорлигини таъминлаш мақсадида давлат эҳтиёжлари учун қабул қилинган дондан фойдаланиш ва топшириш жараёнлари устидан назорат ўрнатилиши ҳисобига 14 851 тонна буғдойнинг табиий йўқотилиши иқтисод қилинди.
Техникага хизмат кўрсатиш ва уни рақамлаштириш йўналишида жами 25,2 млрд сўмлик давлат хизматлари кўрсатилган. 95 531 та техника техник кўрикдан ўтказилган, 21 784 та техника давлат рўйхатидан ўтказилган. Мавсум давомида 125 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникаси ва 3 089 та комбайннинг узлуксиз ишлаши таъминланган.
Шунингдек, давлат органлари ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини таъминлаш мақсадида махсус API хизмати ишлаб чиқилган, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш учун Салл-марказ фаолияти йўлга қўйилган.
Қишлоқ хўжалиги уруғчилиги соҳасида сертификатлаштириш жараёнлари ҳам рақамлаштирилмоқда. Маҳсулотларни ҚР-код орқали ягона реестр асосида сертификатларни онлайн текшириш имконини берувчи тизим жорий этилган.
Ўзагроинспекция маълумотига кўра, келгусида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда назорат жараёнларини рақамлаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.








