Россиядаги дрон ҳужумларида жабрланган ўзбекистонликлар: сўнгги фуқаро ватанга қайтарилди
У Ўзбекистонда даволанишни давом эттиради.

Нижнекамск шаҳрида август ойида содир бўлган фожиали воқеада жабрланган Ўзбекистон фуқароларидан сўнггиси тиббий репатриация орқали Ватанга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби хабар берди.
2001 йилда туғилган С.А.С. дастлаб Нижнекамск шаҳридаги Марказий шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанган. Кейинчалик Татаристон маҳаллий ҳокимлик органлари кўмагида вертолётда Қозон шаҳридаги ихтисослаштирилган шифохонага кўчирилган.
Фуқаро Қозондаги шифохонада даволанишни давом эттириб, икки мураккаб жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги томонидан унинг Ватанга қайтарилиши учун зарур реабилитация ва ташкилий ишлар амалга оширилган. Фуқарога консуллик-ҳуқуқий ҳамда амалий ёрдам кўрсатилган.
Бош консулхона, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси ваколатхонаси ва Миграция агентлиги ҳамкорлигида фуқаро «Қозон–Тошкент» йўналишидаги рейс орқали Ўзбекистонга олиб келинди. У Ватанида даволанишни давом эттиради.
Нижнекамск шаҳрида 10 август куни қатор объектларга учувчисиз учиш аппаратлари орқали ҳужум уюштирилиши оқибатида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган эди. 12- август куни ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари ватанга олиб келинганди.








