Президент Андижон шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасининг икки қисмини боғловчи янги йўлўтказгич билан танишди
Йўлўтказгичнинг умумий узунлиги 796 метр, кенглиги 25,9 метрни ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасининг икки қисмини боғловчи янги йўлўтказгич билан танишди.
Иншоот шаҳарнинг икки қисмини тўғридан-тўғри боғлаб, транспорт ҳаракатини енгиллаштириш ва ортиқча айланма йўлни бартараф этишга хизмат қилади. Умумий қиймати 271 миллиард сўм бўлган лойиҳа давлат раҳбарининг Андижон вилоятига аввалги ташрифи чоғида берган топшириғи асосида амалга оширилди.
Йўлўтказгичнинг умумий узунлиги 796 метр, кенглиги 25,9 метрни ташкил этади. Унинг 596 метри эстакада, 200 метри эса тиргак деворли йўл қисмидан иборат.
Янги иншоот, энг аввало, аҳоли учун катта қулайлик яратди. Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи 140 минг нафар аҳоли эндиликда 5,3 километр ортиқча йўл босмайди.
Шунингдек, махсус хизматларнинг қатнов масофаси 15 километрдан 9,3 километрга қисқарди. Ортиқча масофа ҳамда темир йўл кесишмасидаги кутишларнинг бартараф этилиши натижасида манзилга етиб бориш вақти 17 дақиқагача камаяди.
Айниқса, бу шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда беморларни шошилинч тиббий ёрдам марказига аввалгидан 14 дақиқа эртароқ етказиш имкони яратилди.








