Аграр соҳада молиявий қўллаб-қувватлаш: айрим йўналишларга субсидиялар берилади
Пахта етиштириш, пахта-тўқимачилик кластерлари, ем-хашак экинлари ва совитилган гўшт импортини қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва аграр соҳадаги таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги чоралар белгиланди.
Бу ҳақда «Аграр соҳада молиявий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш ва таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида (ПҚ 354 сон, 2026 йил 28 сентябрь) назарда тутилган.
Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги субъектларига бир қатор субсидиялар ажратилади. Жумладан:
- 2026 йил ҳосилида 4- ва 5-навли пахтадан ташқари пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун 500 минг сўм субсидия берилади;
- 2026 йилда пахта тўқимачилик кластерлари ва улар таъсисчиси бўлган корхоналарга бириктирилган ер майдонларида етиштирилган пахтанинг ҳар бир гектари учун 1,5 млн сўм субсидия ажратилади;
- 2027–2029 йилларда чорвачилик хўжаликларига асосий майдонларда озуқа экинлари етиштирилган ҳар бир гектар учун 500 минг сўм миқдорида йиллик субсидия берилади. Бунда субсидия Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги хулосаси асосида ажратилади;
- 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 июнгача тадбиркорлик субъектларига совитилган мол ва қўй гўштини импорт қилишда ҳар бир килограмм учун 2,5 минг сўм субсидия берилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача ҳуқуқий тажриба тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича «Натижавий субсидия» тизими жорий этилади.
Ушбу тизимда субсидия миқдори фақат амалга оширилган харажатларга эмас, балки ҳосилдорлик, маҳсулот сифати ва бошқа натижа кўрсаткичларига ҳам боғлиқ ҳолда белгиланади.
Қарорда қишлоқ хўжалигини суғурталаш бўйича ҳам янги тартиблар белгиланган. Жумладан, уч йил давомида суғурта ҳодисаси кузатилмаган қишлоқ хўжалиги корхоналарига тўртинчи йилдан бошлаб суғурта мукофотининг 10–20 фоизи миқдорида чегирма бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, суғурта мукофотларининг 3–5 фоизи огоҳлантирувчи тадбирлар захирасига йўналтирилади.








