Каппадокияда қоялар қулади: уч киши ҳалок бўлди
Ҳалок бўлганларнинг икки нафари Туркия фуқароси, бири эса хорижлик бўлган.

Туркиянинг Невшехир вилояти Гўреме ҳудудидаги Каппадокияда қоялар қулаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳатланди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Ҳодиса Каппадокия музейига кириш қисмида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, кучли ёмғир сабабли юзага келган кўчки қоялар қулашига олиб келган.
Туркия ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи қидирув-қутқарув ишлари якунланганини маълум қилган. Унинг қайд этишича, вайроналар остидан уч кишининг жасади топилган, яна беш киши жароҳатланган ҳолда қутқарилган.
Невшехир вилояти губернатори Ҳусайн Кўкнинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг икки нафари Туркия фуқароси, бири эса хорижлик бўлган. Жароҳатланган сайёҳлар шифохоналарга етказилган. Улардан тўрт нафари уйига жавоб берилган, яна бир кишининг даволаниши давом этмоқда.
Ҳодиса Туркияда Республика куни нишонланаётган, Каппадокия сайёҳлар билан гавжум бўлган вақтда содир бўлган.
Маълумот учун, Каппадокиянинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири бўлган «пари мўрилари» — шамол ва сув эрозияси натижасида шаклланган конуссимон вулқон жинсларидир. Қадимда бу табиий қоялар ичида турар жойлар ва диний иншоотлар барпо этилган.








