Трампга Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар вариантлари кўрсатилди — WSJ
АҚШ ҳарбий раҳбарияти Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бўйича бир нечта вариантни тақдим этган.

АҚШ ҳарбий раҳбариятининг Яқин Шарқ йўналиши учун масъул юқори лавозимли вакили Дональд Трампга Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бўйича бир нечта вариантни тақдим этди. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) АҚШ расмийлари ва учрашувдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр манбаларига кўра, учрашув Оқ уйда бўлиб ўтган. Унда АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ва Қуролли кучлар штаб бошлиқлари қўмитаси раиси, генерал Ден Кейн ҳам қатнашган.
WSJ қайд этишича, муҳокамада АҚШ маъмуриятининг бошқа аъзолари ҳам иштирок этган. Суҳбат мавзулари фақат Эрон билан боғлиқ масалалар билан чекланмаган.
Аввалроқ, октябрь ойида айрим ОАВ АҚШ ва Исроил расмийлари Эронга қарши янги зарбалар бериш эҳтимолини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Associated Press хабарига кўра, АҚШ расмийлари Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини Эрон билан ҳарбий можаро қайта бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Reuters эса АҚШга Эрон билан аввалги можаро давомида йўқ қилинган ҳарбий техникани алмаштириш учун 6,1 миллиард доллар керак бўлиши мумкинлигини ёзган.








