Қозоғистонлик футболчилар заҳарланиши: ҳолат юзасидан жиноят иши қўзъатилди
Меҳмонхонада нонушта қилган 20 кишидан 13 нафарида заҳарланиш аломатлари кузатилган.

Тошкентда Қозоғистоннинг Қарағанди шаҳридан келган “Dostlik Cup 2026” халқаро футбол фестивали иштирокчилари орасида озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган эди. Дастлабки хабарларда жабрланганларнинг 11 нафари бола, 6 нафари катта ёшли киши экани айтилган.
Бош прокуратура маълум қилишича, 2026 йил 1 ноябрь куни футбол мусобақасида иштирок этиш учун Қозоғистондан Ўзбекистонга келган 20 нафар бола ва уларнинг яқинлари Тошкент шаҳридаги меҳмонхонада нонушта вақтида ярим пишган тухум ва сосиска истеъмол қилган.
Шу куннинг ўзида улардан 13 нафарида қайт қилиш, ич кетиши, қорин оғриғи ва тана ҳароратининг кўтарилиши каби аломатлар кузатилган.
Шундан сўнг улар тез тиббий ёрдам хизмати орқали Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказига олиб борилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 276¹³-моддаси (санитария қонунчилигини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








