Еврокомиссия TikTok’ни айблади: платформа руҳий саломатликка зарар етказиши мумкин
Агар қонунбузарлик тасдиқланса, TikTok жаримага тортилиши мумкин.

Еврокомиссия TikTok ижтимоий тармоғининг тавсия алгоритми фойдаланувчиларни руҳий саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган видеоларни қайта-қайта томоша қилишга ундаётганини аниқлади. Идора платформанинг бундай фаолияти Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунини (DSA) бузиши мумкинлиги ҳақида дастлабки хулосасини эълон қилди.
Комиссия маълумотларига кўра, TikTok’нинг «For You» саҳифаси фойдаланувчиларнинг қизиқишлари ва платформадаги фаоллигига қараб видеоларни тавсия қилади. Масалан, фойдаланувчи тушкунлик, ёлғизлик, вазн йўқотиш ёки ташқи кўриниш билан боғлиқ видеоларни кўп томоша қилса, алгоритм унга шу мавзудаги бошқа материалларни ҳам таклиф қилиши мумкин.
Еврокомиссия бундай ҳолатни «қуён ини» (rabbit hole) эффекти деб атамоқда. Унга кўра, бир хил мазмундаги видеоларнинг тинимсиз тавсия қилиниши айрим фойдаланувчиларда хавотир, тушкунлик, ўзига бўлган ишончнинг пасайиши ва ташқи кўринишидан норозилик каби муаммоларни кучайтириши мумкин. Бу, айниқса, вояга етмаганлар ва руҳий жиҳатдан заиф фойдаланувчилар учун хавф туғдиради.
Комиссия TikTok мавжуд хавфларни етарлича баҳоламаган, уларни камайтириш учун жорий этилган чоралар эса самарали эмас, деган дастлабки хулосага келган.
Хусусан, платформадаги «Қизиқ эмас» (Not interested) тугмаси ҳам фойдаланувчининг тавсия қилинаётган контентни ўзгартириш истагини етарли даражада акс эттирмаслиги мумкин. Чунки алгоритм фойдаланувчининг видеони қанча вақт томоша қилганига унинг контент бўйича билдирган бевосита танловидан кўра кўпроқ аҳамият бериши мумкин.
Еврокомиссия TikTok’дан тавсия тизимини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Жумладан, фойдаланувчиларнинг аниқ билдирган истакларига кўпроқ эътибор қаратиш, видеоларни томоша қилиш вақтини тавсия алгоритмидаги асосий сигналлардан бири сифатида ишлатмаслик, контентни бошқариш воситаларини қулайлаштириш ва алгоритмни мунтазам синовдан ўтказиш таклиф этилмоқда.
Энди TikTok компанияси комиссиянинг дастлабки хулосаларига жавоб бериши ва ўз позициясини тақдим этиши мумкин. Ҳозирча бу якуний қарор ҳисобланмайди. Агар текширув якунида қонунбузарлик тасдиқланса, компанияга жаҳон бўйича йиллик айланмасининг 6 фоизигача миқдорда жарима солиниши мумкин.







