Польшанинг Краков шаҳрида отишма юз берди: беш киши ҳалок бўлди
Полиция ҳужумчи ёлғиз ҳаракат қилганини ва жамоатчилик учун бошқа хавф йўқлигини билдирган.

Польшанинг Краков шаҳри марказида содир бўлган отишмада беш киши ҳалок бўлди, 10 нафардан ортиқ одам жароҳатланди. Бу ҳақда Reuters маҳаллий полицияга таяниб хабар берди.
Ҳодиса 7 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида юз берган. Маълумотларга кўра, ҳарбий кийимдаги қуролланган шахс автомобилда шаҳар марказидаги гавжум майдонга келиб, одамларга қарата ўқ узган. Ҳужумчи узоқ стволли қуролдан фойдаланган. Полиция унинг автомобилидан бошқа қуроллар ва ўқ-дориларни ҳам топган.
Отишма вақтида гумонланувчи полиция ходимларига қарата ҳам ўқ узган. Натижада икки нафар ҳуқуқ-тартибот ходими жароҳатланган. Полиция жавоб ўқи билан ҳужум қилган шахсни яралаб, касалхонага олиб кетган.
Шунингдек, ҳодиса вақтида яқин атрофдаги трамвайга ҳам ўқ узилган. Оқибатда трамвай ҳайдовчиси кабинасининг ойнаси синган.
Полиция ҳужумчи ёлғиз ҳаракат қилганини ва жамоатчилик учун бошқа хавф йўқлигини билдирган. Ҳозирда ҳодисанинг сабаблари ва барча тафсилотлари ўрганилмоқда. Польша бош вазири Дональд Туск ҳам воқеа юзасидан полиция тергов олиб бораётганини маълум қилган.








