Президент соғлиқни сақлаш ходимларини касб байрами билан табриклади
Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларига мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва касбий фаолиятларида муваффақият тилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллади. Давлат раҳбари табригида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифаларга тўхталди.
Президентнинг қайд этишича, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар 7 баробар оширилиб, жорий йилда 49 триллион сўмга етказилган. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий диагностика ва даволаш технологиялари жорий этилмоқда.
Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги модели босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Инфаркт ва инсультга қарши курашиш, онкологик ва гематологик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда паллиатив ёрдамни ривожлантириш бўйича миллий тизимлар яратилган.
Табрикда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. DMED электрон ахборот тизими орқали 38 миллиондан ортиқ аҳолининг тиббий картаси шакллантирилган. «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона» ва «Электрон рецепт» тизимлари жорий этилмоқда. Келгусида сунъий интеллект имкониятларидан шифокор ва ҳамшираларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашда фойдаланиш режалаштирилган.
Давлат тиббий суғуртаси доирасида «Маблағ бемор ортидан боради» тамойили жорий этилгани, реимбурсация дастури орқали аҳолига бепул бериладиган дори воситалари кўлами кенгайтирилгани ҳам қайд этилган. Йил охиригача барча ҳудудларда суғурта механизмларини тўлиқ йўлга қўйиш ва аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам билан қамраб олиш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев тиббиёт таълими ривожига тўхталар экан, 2017 йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул квотаси 4,5 баробар ошганини билдирди. Ҳозирда ушбу олийгоҳларда 41 та давлатдан келган талабалар таҳсил олмоқда, хорижлик талабалар сони 15 минг нафардан ошган.
Келгуси йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини халқаро стандартларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилади. 2027–2028-ўқув йилидан бошлаб тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура дастурлари орқали амалга оширилиши белгиланган.
Президент хусусий тиббиёт ва фармацевтика саноатининг ривожланишига ҳам эътибор қаратди. Сўнгги ўн йилда мамлакатдаги хусусий клиникалар сони 3,5 мингдан 9 мингдан ошган. Уларга рухсат этилган ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тури эса 50 тадан 213 тага етган. Маҳаллий корхоналарда 6,8 мингдан ортиқ турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда ва фармацевтика маҳсулотлари 50 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Давлат раҳбари мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,4 ёшга етганини таъкидлаб, бу кўрсаткични 78 ёшга етказиш вазифаси турганини қайд этди.
Шунингдек, Президент соҳа ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис қўйиш ва самарали даволаш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. У тиббиёт ва фармацевтика ходимларига мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва касбий фаолиятларида муваффақият тилади.








