Тошкент ИЭС мазут ёқишни тўхтатиши мумкин: янги “Ҳалқа” подстанциясига кучланиш берилди
Янги подстанциянинг ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмидаги электр юкламалари қайта тақсимланади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмида электр таъминотини яхшилаш ҳамда экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида 500 кВли янги “Ҳалқа” подстанциясига кучланиш берилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур подстанция 1602 МВА қувватга эга. Унинг ишга туширилиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмида электр энергияси таъминотини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, мавжуд электр тармоқларига тушаётган юкламани мақбул тақсимлаш имконини беради.
Янги подстанциянинг ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмидаги электр юкламалари қайта тақсимланади. Натижада Тошкент иссиқлик электр станциясига тушадиган юклама камайиб, станцияда мазут ёқилғисидан фойдаланишга эҳтиёж қолмайди.
Вазирлик қайд этишича, “Ҳалқа” подстанциясининг аҳамияти фақат электр таъминоти ишончлилигини ошириш билан чекланмайди. У пойтахт ва унга туташ ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш, атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Умумий қиймати 171,4 млн АҚШ долларини ташкил этган мазкур инвестиция лойиҳаси Жаҳон банки иштирокида амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 1602 МВА қувватли “Ҳалқа” подстанцияси билан бирга 220 кВли 213 километр ва 500 кВли 72 километр, жами 285 километр юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари барпо этилди.
Ушбу инфратузилма мамлакат ягона энергетика тизимининг узатиш имкониятларини кенгайтириш, электр энергияси оқимларини самарали тақсимлаш ва ортиб бораётган истеъмол талабини ишончли қондириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда янги объектларни ягона энергетика тизимига тўлиқ интеграция қилиш бўйича якуний ишлар давом этмоқда.








