Ректорларга огоҳлантириш бердим, аммо ҳеч бирини ишдан олмадим — Эркинжон Турдимов
Таълим ва фан вазири 5 нафар ректорнинг ишдан олингани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов беш нафар олий таълим муассасаси ректори лавозимидан озод этилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Унинг айтишича, йиғилишда тўрт нафар ректорга қаттиқ огоҳлантириш берилган, вазирликда эса уларнинг фаолиятини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Ижтимоий тармоқларда 6 ноябрь куни ўтказилган йиғилишдан сўнг бир қатор университет ректорлари, жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ва Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Ҳолиқов лавозимидан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов самарқандлик журналист Каримберди Тўрамуродга берган интервьюсида бу маълумотларни инкор этди.
“Аввало, мен ҳали бешта ректор эмас, биттасини ҳам ишдан олмадим. Йиғилишда бешта эмас, тўртта ректорни қаттиқ огоҳлантирдим. Вазирликда махсус ишчи гуруҳ тузилди. Бу масала билан ана шу катта ва нуфузли гуруҳ шуғулланади. Қайси ректор қолиш-қолмаслиги ишчи гуруҳнинг ҳаққоний хулосаси асосида бўлади”, — деди вазир.
Турдимов суҳбат давомида айрим олий таълим муассасаларидаги талабалар билим даражаси юзасидан ўтказилган текширув ҳақида ҳам гапирган. Унинг қайд этишича, мақталган институтлардан бирининг ректори энг аълочи талабалари сифатида тақдим этган 10 нафар талаба стандарт тестдан ўтказилган. Бироқ уларнинг бирортаси ҳам уч баҳо ололмаган.
Журналист таълим тизимида коррупция авж олгани ва соҳа туб ўзгаришларга муҳтожлигини таъкидлаб, вазирнинг бу борадаги режалари билан қизиққан.
“Мен сиз айтган камчиликларни яхши биламан. Кураш осон бўлмайди, албатта. Мен таълим тизимида оламшумул инқилобий ўзгаришлар қила олмасман, аммо тизимда тартибни ўрнатаман”, — дея жавоб берган Эркинжон Турдимов.
Суҳбатда мактаб дарсликларидаги хатоликлар масаласи ҳам кўтарилган. Вазир дарсликларда хатолар кўплигини яхши билишини айтиб, уларнинг мазмуни билан вазирлик бевосита шуғулланмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, дарсликлар мазмуни ва моҳиятига оид таклифлар бу йўналиш учун масъул бўлган Таълим маркази ҳамда Илмий тадқиқотлар институтига юборилган.








