Маданият соҳаси вакилларига уй-жой учун субсидия: низом тасдиқланди
Бунинг учун талабгорлар камида уч йиллик иш стажига эга бўлиши ва бошқа мезонларга жавоб бериши керак.

Ўзбекистонда маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларига ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш тартиби белгиланди. Бунда субсидия бирламчи уй-жой бозоридан квартира харид қилиш учун берилади. Ҳукумат қарори билан “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Унга кўра, субсидия Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари доирасида ажратилади. Маблағлар ариза берувчининг асосий иш жойи жойлашган ҳудудда қурилган квартирани сотиб олишга йўналтирилади.
Субсидия олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ариза топшириш мумкин.
Ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғининг биргаликдаги даромадлари, сўнгги икки йил давомида республиканинг барча ҳудудларида уларнинг номида турар жой мавжуд бўлмагани ҳамда соҳа бўйича иш стажи ахборот тизимлари орқали автоматик текширилади.
Шунингдек, талабгорнинг маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида камида уч йиллик иш стажига эга бўлиши талаб этилади. Фаолиятни амалга ошириш учун лицензия талаб қилинадиган ҳолларда унинг сўнгги уч йил ичида лицензияга эга бўлгани ҳам текширилади. Субсидия бир оилага фақат бир марта ажратилади.
Субсидия олиш ҳақида хабарнома олган талабгор бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш учун қурилиш ташкилоти ёки девелопер билан шартнома тузади.
Агар бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратилган субсидиядан у ўтказилган кундан бошлаб 30 кун ичида фойдаланилмаса, банк маблағни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига қайтаради.








