Жапаровга янги рақиб: президентлик пойгасига ягона аёл номзод қўшилди
Қирғизистонда президентлик лавозимига даъвогарлар сони 11 нафарга етди.

Қирғизистон Олий суди Конституциявий палатасининг собиқ судьяси Клара Сооронқулова 2027 йилги президентлик сайловларида қатнашиш учун ўз номзодини илгари сурди. У сайловда иштирок этиш ниятини билдирган номзодлар орасида ягона аёл бўлиб турибди.
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати маълумотига кўра, Сооронқулова 12 ноябрь куни ўзини ўзи кўрсатган номзод сифатида президентликка номзодини қўйиш ҳақида ариза топширган.
Шу тариқа, президентлик лавозимига даъвогарлар сони 11 нафарга етган. Номзодларни кўрсатиш учун ҳужжат топшириш муддати 12 ноябрь куни якунланган.
57 ёшли Клара Сооронқулова 2010–2011 йилларда Марказий сайлов комиссиясида, 2011–2015 йилларда эса Олий суд Конституциявий палатасида судья сифатида фаолият юритган.
У 2020 йилда парламент сайловларида қатнашган «Реформа» сиёсий партиясига раҳбарлик қилган. Сооронқулова 2021 йил 10 январда ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайловларида ҳам иштирок этиб, 14 005 та овоз тўплаган. Бу овоз беришда қатнашган сайловчиларнинг қарийб 1 фоизини ташкил этган.
Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2027 йил 27 январга белгиланган. Сайловда амалдаги президент Садир Жапаров ҳамда бошқа сиёсий арбоблар иштирок этиш ниятини билдирган.








