Италияда кучли ёғингарчилик: айрим ҳудудларни сув босди
Лигурия минтақасида икки кун давом этган кучли ёғингарчилик оқибатида кўчалар ва биноларни сув босди, кўчкилар юз берди.

Италиянинг Лигурия минтақасида кучли ёғингарчилик оқибатида сув тошқинлари ва кўчкилар юз берди. Табиий офатдан Ла-Специя шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли пунктлари жиддий зарар кўрди.
11 ноябрь куни бошланган кучли ёғингарчилик кейинги икки кун ҳам давом этди. Ла-Специяда кўчалар ва биноларнинг қуйи қаватларини сув босди. Қутқарувчилар ертўлалар, омборхоналар ва савдо шохобчаларида тўпланган сувни чиқариш ишларини олиб борди. Тозалаш ишларига Италия ҳарбий-денгиз кучлари ҳам жалб этилди.
Шаҳарнинг Валделлора ҳудудида юз берган кўчки оқибатида икки турар жой биноси хавф остида қолган. Тўққизта оилага мансуб 25 киши хавфсизлик нуқтаи назаридан уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Бундан ташқари, вилоятдаги олтита автомобиль йўли кўчки ва йўл қопламасининг шикастланиши сабабли ёпилган.
Вазиятни мураккаблаштирган омиллардан бири Maгрa дарёсида сув сатҳининг кескин кўтарилиши бўлди. 13 ноябрь куни дарёдаги сув сарфи секундига қарийб 2 минг куб метрга етиб, хавф чегарасидан ошган. Aркoлa ва бошқа аҳоли пунктларида дарё бўйидаги ҳудудларда яшовчиларга эҳтиёт чораларини кўриш, айрим жойларда эса уйларини тарк этиш тавсия қилинган.
Италия метеорология ва атроф-муҳит мониторинги хизмати (Arpal) маълумотларига кўра, 12 ноябрь куни Кастельнуово-Maгрa ҳудудида 24 соат ичида 226 миллиметр ёғин қайд этилган.
13 ноябрь куни эрталабга келиб ёғингарчиликнинг кучи пасая бошлаган. Шунга қарамай, Лигуриянинг шарқий қисмида "тўқ сариқ" даражасидаги об-ҳаво огоҳлантириши маҳаллий вақт билан соат 14:00 га қадар амал қилган. Мутасаддилар дарёлар сатҳи ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларни кузатишда давом этган.








