72 соатлик кузатув натижаси: Туркияда ўзбекистонлик фуқаро қуролли ҳужумда гумонланмоқда
Ниқоб таққан икки киши ҳайдовчидан машинадан тушишни талаб қилган. У бўйсунмай, қочишга уринганида автомобилга қарата ўқ узилган.

Туркиянинг Анталия вилояти Манавгат туманида автомобиль ҳайдовчисига қарата ўқ узганликда гумонланган икки киши қўлга олинди. Улардан бири Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди. Бу ҳақда Antalya Ekspres нашри хабар берди.
Ҳодиса Манавгат туманининг Илижа маҳалласидаги Зейтинлик ҳудудида содир бўлган. А.Е.К. исмли ҳайдовчи телефонда гаплашиш учун автомобилини йўл четида тўхтатган. Шу пайт мотоциклда келган ниқобли икки киши ундан машинадан тушишни талаб қилган.
Ҳайдовчи улардан шубҳаланиб, автомобилни орқага ҳайдаб, воқеа жойидан қочишга уринган. Бироқ гумонланувчилар унинг автомобилига қарата ўқ узган. Ҳайдовчи 112 тезкор хизматига қўнғироқ қилган ва воқеа жойига жандармерия ходимлари етиб келган.
72 соатлик видеокузатув ёзувлари текширилди
Манавгат туман жандармерияси, Кумкўй жандармерия бўлинмаси ва JASAT ходимлари гумонланувчиларни аниқлаш учун тергов бошлаган. Улар 30 та уй ва савдо объектига ўрнатилган кузатув камераларининг 72 соатлик ёзувларини ўрганиб, гумонланувчиларни аниқлаган.
Кўп ўтмай, икки шахс қўлга олинган. Улар жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш, мулкка зарар етказиш, қурол билан қасддан жароҳат етказишга уриниш, ҳақорат қилиш ҳамда 6136-сонли қонунни бузишда гумонланган.
Манавгат магистрат суди қарори билан икки гумонланувчи ҳибсга олиниб, Манавгатдаги S турдаги ёпиқ қамоқхонага юборилган.
Ҳужум содир бўлган лаҳзалар кузатув камераларига ҳам муҳрланган. Тасвирларда мотоциклда келган икки шахс автомобилга яқинлашгани, ҳайдовчи қочишга уринганида унга қарата ўқ узгани ва кейин воқеа жойидан кетгани акс этган.








