“Давлат тили нима бўлади?”: Алишер Қодиров боғча ва бошланғич синфларда таълим тилини чеклашни таклиф қилди
Унинг фикрича, давлат тили ва миллий қадриятлар масаласи бошланғич таълимда алоҳида эътиборда бўлиши керак.

«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзбек миллатига мансуб болаларни боғча ва бошланғич синфларда фақат давлат тилида ўқитиш ва тарбиялаш мажбурий бўлиши кераклигини билдирди. Бошқа миллат вакиллари учун эса она тилида таълим олиш имкониятини сақлаб қолишни таклиф қилди.
Қодиров мактабга тайёрлашни мажбурий қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини, бироқ бу жараён ҳисобот учун эмас, ҳақиқий натижага эришиш мақсадида амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.
Унинг фикрича, оила, боғча ва бошланғич мактабни қамраб олган 12 ёшгача бўлган давр Ўзбекистон келажагини белгилайди. Шу сабабли ушбу босқичда холис ёндашиш ва кўзбўямачиликка йўл қўймаслик зарур.
Қодиров давлат томонидан боғчаларга катта маблағ ажратилаётганига қарамай, болаларга ким, нимани ва қандай ўргатаётгани масаласига ҳам эътибор қаратди. У мактабгача таълим ва бошланғич мактабларда болаларни миллий қадриятларга содиқ, ватанпарвар авлод сифатида тарбиялаш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, партия етакчиси олти ёшли болаларни таълимга қамраб олиш масаласида боғчага борган болаларни мактабгача таълим муассасаларида, бормаганларини эса мактабга ота-оналари олиб келиши орқали қамраб олиш таклифини билдирди.
Қодиров бошланғич синфларда таълим тилига оид муаммони ҳам кўтарди. Унинг таъкидлашича, айрим мактабларда ўзбек тилидаги синфларни топиш қийинлашган, таълим тилини танлаш ота-оналарга берилган бўлсада, давлат тили ва миллий қадриятлар масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.








