АҚШ Эронга қарши кенг кўламли ҳужумларни режалаштирмоқда — NYT
Исроил АҚШдан Эронга 4–7 кунлик ҳаво ҳужумларида иштирок этишни сўрамоқда.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳужумлар уюштириш имкониятини кўриб чиқмоқда, бироқ ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган. Бу ҳақда The New York Times (NYT) хабар берди.
Газета манбаларига кўра, Трамп янги разведка маълумотлари ва минтақада АҚШнинг муҳим ҳарбий кучлари мавжудлигини ҳисобга олмоқда. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху эса АҚШдан 4–7 кун давом этиши мумкин бўлган ҳаво ҳужумларида иштирок этишни сўрамоқда.
Шу билан бирга, Исроилнинг юқори лавозимли расмийси Нетаньяху Трампга босим ўтказаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. АҚШ маъмуриятида эса разведка маълумотларининг ишончлилиги ва эҳтимолий янги ҳужумларнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан келишмовчиликлар мавжуд.
Исроил Эрон ракета ва дрон захираларини тиклаётгани, шунингдек, кимёвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. NYT манбаларига кўра, АҚШ разведкаси ҳам Эрон ҳарбий салоҳияти ошиб бораётганини кўрсатувчи белгиларни қайд этган. Бироқ, Теҳрон ҳозирча биринчи бўлиб ҳужум қилишдан кўра, АҚШ ва Исроилнинг кенг кўламли зарбаларини тўхтатишга уринаётгани айтилмоқда.
NYT хабарига кўра, АҚШ ҳарбийлари эҳтимолий нишонлар сифатида Эроннинг ракета ва дрон арсеналлари, энергетика объектлари ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг қўмондонлик пунктларини белгилаган.
Трамп ҳозирча Эрон энергетика объектларига кенг кўламли зарбалар беришга розилик билдирмаган. Бундай ҳужумлар бизнес ва тинч аҳолини электр таъминотидан маҳрум қилиши мумкин.
Эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланиши олдидан АҚШ минтақадаги айрим объектлардан ходимларини олиб чиқди. Пентагон эса барча вариантлар кўриб чиқилаётганини маълум қилди.








