30 йилда 900 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди: экстремал об-ҳаво оқибатлари ҳисобланди
Табиий офатлар глобал иқтисодиётга 4,7 триллион доллар зарар етказган.

1996–2025 йиллар давомида дунё бўйлаб иссиқ тўлқинлари, сув тошқинлари, довуллар ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисалари оқибатида 900 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Германиянинг Germanwatch экологик ташкилоти томонидан БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP31) учун тайёрланган Иқлим хавфи индексида маълум қилинди.
Ҳисоб-китобларга кўра, инфляция ҳисобга олинган ҳолда, 30 йил давомида экстремал об-ҳаво ҳодисалари келтирган иқтисодий зарар тахминан 4,7 триллион долларни ташкил этган. Бу миқдор Германиянинг ҳозирги ялпи ички маҳсулотига тенг.
Ҳисоботда Германия энг кўп зарар кўрган мамлакатлар орасида 34-ўринни эгаллаган. 1996–2025 йилларда мамлакатда экстремал об-ҳаво ҳодисалари оқибатида 33 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, моддий зарар эса инфляцияга мослаштирилган ҳисобда 133 миллиард долларга етган. Бунда билвосита иқтисодий йўқотишлар ҳисобга олинмаган.
Италия, Франция, Греция ва Испания ҳам энг кўп зарар кўрган давлатлар қаторидан жой олган. Бунга такрорий иссиқ тўлқинлари ва ўрмон ёнғинлари сабаб бўлган.
Индексда энг кўп зарар кўрган мамлакатлар қаторида Доминикан Республикаси, Мьянма ва Гондурас қайд этилган. Ҳисобот муаллифларига кўра, бу давлатлар бир неча бор вайронкор довуллардан азият чеккан. Натижада тикланган инфратузилма қайта-қайта зарар кўрган. Масалан, 2017 йилда «Мария» довули Доминикага мамлакатнинг йиллик ялпи ички маҳсулотидан икки баравар кўп зарар етказган.
Тадқиқот муаллифлари глобал жануб мамлакатларида қурбонлар сони ва иқтисодий йўқотишлар кўлами расмий статистикада акс этганидан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Чунки саноати ривожланган мамлакатларда иқлим офатлари ва уларнинг оқибатлари анча батафсил қайд этилади.
Индексни тузишда Халқаро офатлар маълумотлар базаси ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг ижтимоий-иқтисодий статистикасидан фойдаланилган. 2026 йил кўрсаткичлари эса ҳисоботга киритилмаган.







