Коррупционер амалдорлар огоҳлантирилди: ҳеч ким жавобгарликдан қочиб қутулмайди
Коррупция давлатга бўлган ишончни пасайтирувчи ва мамлакат ривожига тўсқинлик қилувчи омил эканлиги таъкидланди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев коррупцияга аралашган амалдорларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳеч ким қонуний жавобгарликдан қочиб қутулмаслиги лозим.
Давлат раҳбари бу ҳақда Остонада университетлар ва илмий ҳамжамият вакиллари иштирокида ўтказилган III Стратегик шериклар форумида сўзлаган нутқида маълум қилган.
Тоқаев коррупция давлатга бўлган жамоатчилик ишончини пасайтириши, мамлакатнинг сифатли ривожланишига тўсқинлик қилиши ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини йўққа чиқариши мумкинлигини қайд этган.
«Биз коррупцияга ботган амалдорларга нисбатан юмшоқ муносабатда бўлмаслигимиз керак, чунки бу давлат келажаги учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин», — деган президент.
У ўз позицияси ўзгармаслигини таъкидлаб, қонун ҳамма учун бир хил эканини билдирган. Тоқаевнинг фикрича, бу ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг ортга қайтмаслигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ишончини оқлашнинг ягона йўлидир.
Шундан сўнг Тоқаев давлат компанияларидаги коррупция ҳолатлари жиддий муаммо эканини қайд этиб, бундай қонунбузарликларни камайтириш режасини ишлаб чиқиш вазифасини топширган. Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти алмаштирилган, Ички ишлар вазирлиги раҳбарига эса танбеҳ берилган.







