Мянмада мактабга ҳаво зарбаси берилди: камида 30 киши ҳалок бўлди
Ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар орасида гўдак ва бир неча мактаб ўқувчиси ҳам бор.

Мянманинг марказий қисмидаги Магвай вилоятида жойлашган, исёнчилар назоратидаги қишлоқ мактабига ҳарбийлар томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида гўдак ва бир неча мактаб ўқувчиси ҳам бор. Бу ҳақда Reuters мухолифатдаги Миллий бирлик ҳукумати (NUG) вакили ва маҳаллий гувоҳга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум 26 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида Синбаунгве шаҳарчасидаги мактаб ва монастирь мажмуасига уюштирилган. Ўша вақтда ҳудудда диний маросим ўтказилаётган бўлган.
NUG ва Магвай муваққат федерал ҳукумати қўшма баёнотида ҳужум давомида тўртта 500 фунтлик авиабомба, 12 та артиллерия снаряди ва еттита камикадзе дронидан фойдаланилгани айтилган.
NUG вакили ва маҳаллий гувоҳнинг маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 20 нафардан ортиқ тинч аҳоли вакили, жумладан, аёллар ва болалар, шунингдек, тўққиз нафар исёнчи жангчи ҳалок бўлган. Маҳаллий гувоҳ бомбардимон вақтида ҳудудда фаол жанговар тўқнашувлар бўлмаганини билдирган.
Ҳарбийларни қўллаб-қувватловчи Телеграм каналларида зарба исёнчи кучларнинг битирув маросими ва йиғинига қаратилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ Мянма ҳарбийлари ва ҳукумати воқеа юзасидан Reuters сўровига дарҳол изоҳ бермаган.
NUG маълумотларига кўра, Мянма ҳарбийлари 2021 йил 1 февралдан 2026 йил октябрь ойи охиригача 6 653 та алоҳида ҳодиса доирасида 15 327 марта ҳаво зарбаси берган. Оқибатда 6 467 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 562 та мактаб ва 848 та диний бино зарар кўрган.
Мухолифат вакиллари ҳужумни ҳарбий жиноят ва Женева конвенцияси бузилиши деб баҳолаб, келгусидаги халқаро суд жараёнлари учун далиллар тўпланаётганини маълум қилган. Шунингдек, БМТ, АСЕАН ва қўшни давлатларни Мянма ҳарбийларига авиация ёқилғиси, ўқ-дорилар ҳамда дрон технологиялари етказиб берилишини тўхтатишга чақирган.
Мянмада 2021 йилда ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг фуқаролар уруши бошланган. Можаро оқибатида қарийб 100 минг киши ҳалок бўлган, 3,5 миллиондан ортиқ одам уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган.
Reuters қурбонлар сони ва ҳужум тафсилотларини мустақил равишда тасдиқлай олмаганини қайд этган.







