Украина Россиядаги нефть-кимё заводига ҳужум қилди: 19 та ҳудуд ва Қримда 1017 та дрон уриб туширилди
Ҳужум оқибатида “Тольяттикаучук” корхонасида ёнғин чиққан.

Украина дронлари Россиянинг Тольятти шаҳридаги “Тольяттикаучук” нефть-кимё заводига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида корхона ҳудудида ёнғин чиққан. Россия Мудофаа вазирлиги эса мамлакатнинг 19 та ҳудуди ва Қрим устида 1017 та Украина дрони уриб туширилганини билдирди, деб ёзди “Meduza”.
Мониторинг каналлари хабарига кўра, Украина дронлари Тольятти ва Нижнекамск шаҳарларидаги саноат ҳудудларига зарба берган. Тольяттидаги завод ракета ёқилғиси таркибий қисмларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ экани айтилмоқда. Корхона октябрь ойи охирида ҳам ҳужумга учраган.
Самара вилояти губернатори Вячеслав Федоришев тун давомида ҳудудда 20 дан ортиқ дрон уриб туширилганини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳужумлар саноат корхоналарига қаратилган. Ҳодисада ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ. Тольятти мери Илья Сухих ҳам шаҳарга оммавий дрон ҳужуми уюштирилганини тасдиқлаган.
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов эса ҳужум юзасидан баёнот бермаган.
Москва мери Сергей Собяниннинг маълум қилишича, пойтахт томон 542 та дрон учирилган. Уларнинг асосий қисми шаҳардан узоқ масофада, 105 таси эса Москва яқинида уриб туширилган.
Шунингдек, 28 ноябрь куни кечқурун Внуково ва Шереметево аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш вақтинча чекланган. 29 ноябрь куни эрталаб аэропортлар фаолияти қайта тикланган.







