Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик суви билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда
Ҳолат юзасидан "Тошкент шаҳар сув таъминоти" МЧЖ муносабат билдирди.


"Тошкент шаҳар сув таъминоти" МЧЖ ахборот хизмати хабарига кўра, пойтахт аҳолисининг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи “Қодирия” бош сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабабли насос агрегатларида ўчиш ҳолати юзага келди.
"Ҳозирги вақтда электр таъминоти қайта тикланди, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. 2-3 соатда Тошкент шаҳри сув таъминоти ўз маромига қайтади" — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар иссиқлик таъминотини Франциянинг «Veolia» компаниясига 30 йилга бошқарувга берилганди.
Аввалроқ Тошкентда ичимлик суви вақтинча тўхтатилгани, Тошкентнинг қатор мавзеларида иссиқ сув таъминоти вақтинча ўчирилиши ҳамда Тошкентда вақтинча сувсиз қоладиган ҳудудлар сони ошгани ҳақида хабар берилганди.







