Аргентина ЖЧ-2022дан сўнг Америка Кубогини ҳам қўлга киритди. Аргентиналиклар байрамни ҳаддан ташқари ошириб юборишди сўн г бу даҳшатли жанжал билан якун топди. Воқеалар марказида Англия чемпионати тарихидаги энг қиммат ўйинчилардан бири, "Челси" ярим ҳимоячиси Энзо Фернандеснинг номи қайд этилган.
Колумбия билан финалдан сўнг, муваффақиятларини нишонлаётган Америка кубоги ғолиблари ЖЧ-2022 финалидаги рақиблари - французларни эслашди. Ва улар ҳақида ҳақоратли қўшиқ куйлашди. Фернандес эса ўзининг ижтимоий тармоқларида бўлаётган воқеаларни онлайн трансляция қилди. Аммо кейин у тезда буни тўхтатди. Шунга қарамай, бутун дунё Аргентина терма жамоасининг ҳақоратларга тўла байрами ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Аргентиналикларнинг шов-шувли байрамига муносабат узоқ кутилмади. Франция футбол федерацияси ФИФАга шикоят қилган ва халқаро ташкилот текширув бошлаган. Айни пайтда Фернандесдан хафа бўлган «Челси»нинг франциялик футболчилари ижтимоий тармоқларда уни кузатишни тўхтата бошлашди. Лондон клубида Франциядан кўплаб футболчилар бор - булар Кристофер Нкунку, Алекс Дисаси, Мало Густеау, Бенуа Бадиашиле, Уэсли Фофана, Лесли Угочукву, Маланг Сарр. Фернандеснинг бошқа жамоадошларида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган.
Ҳимоячи Фофана ўзининг ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди: "2024 йилдаги футбол: ирқчилик энг даҳшатли кўринишда". Фофананинг хабарини Франция терма жамоаси футболчиси Жюл Кунде ҳам ўзининг саҳифасига қайта жойлаштирди. "Барселона" ҳимоячиси буни "бахтсиз" сўзи билан изоҳлади.
"Челси"га тегишли бўлган ивуарлик ҳужумчи Датро Фофана ўзининг французча фамилиясидан фахрланиши таъкидлади. Шунингдек, у аргентиналикларни қоралашга чақириб, мавзу бўйича пост эълон қилди: “Мен севадиган футбол бу эмас. Ирқчиликнинг барча кўринишлари кучли тарзда қораланиши керак. Бундай ҳаракатларга футболда ҳам, бошқа жойда ҳам ўрин йўқ. Буни спорт билан шуғулланадиган ҳар бир киши жиддий қабул қилиши керак."
Бундан ташқари, Аргентина спорт вазири ўринбосари Хулио Гарро миллий терма жамоа сардори сифатида Лионел Мессидан ирқчиликка оид қўшиқ учун узр сўрашни талаб қилди. Бироқ, кейинчалик Гарронинг ўзи бу сўзларни рад этди.
Кўп ўтмай Фернандес французлардан узр сўради. Энзо ижтимоий тармоқдаги саҳифасига қуйидаги постни жойлаштирди.
“Миллий терма жамоа байрами чоғида эълон қилинган видео учун узр сўрайман. Қўшиқ жуда ҳақоратли ва буни мутлақо оқлаб бўлмайди. Мен ҳар қандай шаклда ирқчиликка қаршиман. Қилган ишим учун узр сўрайман. Бу Америка кубогини қўлга киритгандаги эмоциялар таъсирида содир бўлди. Бу видео ва сўзлар характеримни акс эттирмайди. Чин дилдан афсусдаман”.
Аргентиналик ярим ҳимоячи, шунингдек, Лондондаги барча жамоадошларига хат ҳам жўнатган ва улардан ҳам узр сўраган.


