Оммани чалғитиш борган сари одатий ҳолга айланиб қолди. Ижтимоий тармоқлар кузатувчилари “тўполон” қилсагина мутасадди раҳбар чиқиб, “ўрганиляпти, расмий маълумот берамиз...” қабилидаги гапларни ваъда қиладида, “ғойиб бўлади”.
7 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Қўйлиқ" бозори йўл ўтказгичи кенгайтирилиши туфайли бошқа жойга кўчирилишини маълум қилди.
10 декабрь куни эса "Қўйлиқ" бозори ҳозирги жойидан 6,5 км узоқликдаги Ўрта чирчиқ туманидаги “Food City” савдо марказига кўчирилиши ҳақидаги хабар тарқалди.
Кун ўтиб савдогарлар юқори ижара нархи ва маҳсулотларни сақлаш учун етарлича жой мавжуд эмаслиги, шунингдек, автобус ва метро йўналишларининг етишмаслиги сабабли бозорга етиб олишда қийинчиликлар юзага келишидан шикоят қилиб, бозор олдидаги йўлни тўсишга уринди. Улар маъмурият томонидан 31 декабрга қадар “Food City”га кўчиш бўйича огоҳлантириш хати олган эди.
12 декабрь куни норозилик билдирган тадбиркорларнинг беш нафарига 5−7 кун қамоқ жазоси тайинланди.
14 декабрь куни эса деҳқон бозори директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари бузилиш ёки кўчиш ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмагани, шу боис, бозор бузилмаслигини маълум қилди.
«Янги мост бу ҳозирча лойиҳа. Ушбу мостни қурилишига 2025 йил ёки бошқа маълум бир вақт белгиланмаган. Қурилган тақдирда ҳам мост билан бозор орасида катта жой бор, айланма йўл қилиб, пастга туширганда ҳам бозорга халақит қилмайди. Бозорнинг янги бозорга кўчирилиши бўйича ҳали бизга шаҳар ҳокимияти томонидан ёки бозорлар маркази томонидан ҳам ҳеч қанақа хабар берилмаган. Ва бизга бу бўйича огоҳлантириш хатлари ҳам юборилмаган...» — дея фикр билдирган Қодиржон Нормирзаев расмий муносабатда.
14 декабрь куни Бектемир туман ҳокими Тапил Маҳамадзияев “Қўйлиқ” бозори кўчирилиши масаласига тўхталиб ўтди:
“Food City” Бектемир тумани ҳудудида жойлашган, шу туманга қарайди — бу бир. Иккинчидан, у ерда шундоқ шароитлар яратилганки, бунақаси, керак бўлса, ўзимизнинг Ecobozor’да ҳам йўқ. Қўйлиқда асфальтга ўтириб сотгандан кўра ўша ерда олиб бориб сотган маъқул.
Кадастри борларга, албатта, ҳамма зиёни давлат томонидан қоплаб берилади, юз фоиз. Босқичма-босқич ўтилади.
“Нарх-наволар ўсиб кетмайдими?” деган саволга қуйидагича жавоб бераман: Food City’да катта, 6х4 метрли тўртта монитор бор, битта айлантириши 100 миллион сўм. У бозорга қўшимча даромад олиб келади.
Биз “фойдангни шундан оласан, паттачидан эмас, сотувчига тегмайсан”, деб, 3 ой сотувчилардан патент пули олмаслик шарти билан келишдик.
Ҳоким сифатида эмас, бир фуқаро сифатида айтаман: охирги пайтлар бозорга тушсак, доим бир нарсага туртилиб, бир жойга йиқилиб, тан жароҳати олишимиз аниқ-да. Ўзим ҳам ўша жойдан бозор қиламан, мажбурман шунга. Лекин уни босқичма-босқич кўчирмасак бўлмайди.
Ниҳоят, Kun.uz нашри бугун, 18 декабрь куни ўз саҳифасида мавзу доирасидаги сенатор Толибжон Мадумаровнинг фикрларини эълон қилди. Унга кўра, Қўйлиқ бозори кўчирилиши бўйича шов-шувлар ўша ердаги ишчи ва бозорчиларнинг асоссиз ташвиқотидан бошқа нарса эмас.
"Биз Қўйлиқ масаласида жойига чиқиб ўрганиш қилдик. Шу ўрганишда кўрдикки, бозор кўчиши бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳеч қандай қарори чиқмаган... Бозор маъмурияти бу масалани туман ҳокимлиги ва мутасаддилар билан охирига етиб, кейин бизга етказишларини айтди. Лекин халққа бир нарсани очиқ айтамизки, бозор кўчиши бўйича ҳали ҳеч қандай гап йўқ. Ваҳимага тушманглар" — дейди сенатор Толибжон Мадумаров.
Бу ҳақда 17 декабрь куни АОКА мажлислар залида Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси якунларига бағишланган матбуот анжуманида сўз борди.
Аввалроқ шундай айтдим-қайтдимлар Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ҳам кузатилганди.
Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биносини қуриш лойиҳасига 34,4 млрд сўм (Марказий банкнинг 8 ноябрдаги курси бўйича 3,2 млн АҚШ долларидан ортиқ) маблағ жалб этилгани маълум қилингандан сўнг, бу жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Асосан салбий фикрлар билдирилди ва бу ижтимоий соҳа вакиллари томонидан давлат бюджетини совуриш, деб баҳоланди. Шундан сўнг, 12 декабрь куни Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Зойир Мирзаев қурилиш лойиҳаси тўғрисидаги қарорни бекор қилди.
11 декабрь куни Зойир Мирзаев томонидан имзоланган фармойишга кўра, лойиҳага ажратилган маблағлар вилоят маҳаллий бюджетига қайтарилиши керак эди.
Бироқ қисқа вақт ўтиб Нурафшонда ёдгорлик мажмуаси ва янги замонавий кутубхона қурилиши тўғрисидаги фармойиш бекор қилинмагани, аксинча, кечиктирилгани маълум қилинди. Бироқ, вилоятнинг янги ҳокими имзолаган фармойишда собиқ ҳокимнинг қарорини бекор қилиш ҳақида сўз борганди.
34,4 млрд сўмлик лойиҳанинг бекор қилинганини жамоатчилик фаоллари қаторида Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам ижобий деб баҳолаганди.
Савол туғилади:
Бу ҳаракатлар нега керак, оммани чалғитиш учунми ёки овутиш?
Қурилишдан ким, қандай фойда оляптики, фармойиш билан тасдиқланган қарор бир кунда тўнини тескари кийиб оляпти?
Қандай изоҳлаш мумкин, буни билмадик-ку, лекин бу очиқчасига халқнинг устидан кулиш. Салла деса калласини олиб борадиган баъзи раҳбарлар курсиси силжишидан қўрқиб, халқни сарсон қилишдан бошқа нарсага ярамайди. Фуқаролар эса, сарсон-саргардон давлат нолиб юраверади, аслида эса муаммо “кўприк”да!


