Грузиянинг собиқ президенти Саакашвили мамлакатга қайтганини эълон қилди
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ватанига қайтганини Facebook'даги саҳифасида эълон қилди.

Маълум бўлишича, Саакашвили 27 сентябрь куни 2 октябрга Тбилисига чипта сотиб олганини айтган. Қайд этилишича, шу куни мамлакатда маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, у фуқароларнинг хоҳиш-иродасини ҳимоя қилиш, шунингдек, “Грузияни қутқаришда” иштирок этиш ниятини билдирган. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ўз ҳаракатларига қуйидагича изоҳ берган:
“Хайрли тонг, Грузия, 8 йилдан кейин Грузиядаман. Бугун мен сиз билан бўлиш учун таваккал қилдим. Тбилисида кўришгунча!”
Таъкидланишича, Грузия Ички ишлар вазирлигида унинг мамлакат ҳудудида экани ҳақида маълумот йўқ.
Маълумот ўрнида: мамлакатда унга нисбатан бир нечта жиноий иш қўзғатилиб, бир неча бор қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳукумат Саакашвили қайтиши биланоқ ҳибсга олинишини билдирган.
Аввалроқ, Грузия бош вазири Михаил Саакашвили ватанга қайтса, тезда қамоққа олишини айтганди.
Чўлпоной Аҳмедова







