Мактабда қизлар ўртасидаги ўзаро жанжал Қашқадарёда бўлгани аниқланди
Аввалроқ мактабда қизлар ўртасида катта жанжал бўлгани акс этган видеохабар берилганди.

Аммо воқеа қаерда ва қачон содир этилгани номаълумлиги айтилганди.
Ушбу ҳолат Қашқадарёда бўлгани очиқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 20 сентябрь куни Чироқчи тумани 2, 4 ва 5-умумий ўрта таълим мактаблари 9, 10, 11-синфининг 3 нафар ўқувчилари, олдиндан келишмовчилиги бўлганлиги сабабли, 1-умумий ўрта таълим мактаби маъмурий биносига борганлиги, шу орада ўзаро гаплашиш вақтида жанжаллашиб қолишган.
Мазкур ҳолат юзасидан 1-умумий ўрта таълим мактабида ички ишлар органлари, халқ таълим бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда ота-оналар иштирокида, жанжални келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, муҳокама қилинмоқда.
Ҳозирда барча ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Аввалроқ Тошкентда ўқувчилар ўртасида оммавий жанжал бўлгани ҳамда Андижонда вояга етмаган шахс уч тенгдошини пичоқлаб қўйгани ҳақида хабар берилганди.
Баҳринисо Мадумарова







